АҚШ президенти Дональд Трамп Исроилнинг Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни ўлдириш режасини рад этди. Бу ҳақда АҚШ расмийларига таяниб BBC хабар берди.

Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Хоманаийга суиқасд қилиш “яхши ғоя эмаслиги”ни айтган. Президент бу юзасидан жамоатчиликка изоҳ бермаган. Бу суҳбат 13 июнь куни Исроил Эронга ҳужум бошлаганидан бери давом этаётгани айтилмоқда. Нетаньяху Трамп Оятуллоҳни ўлдириш режасига вето қўйгани ҳақидаги хабарни тўғридан тўғри тасдиқламаган.
“Бўлмаган суҳбатлар ҳақида жуда кўп ёлғон хабарлар бор ва мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасман. Лекин сизга шуни айтишим мумкинки, биз қилишимиз керак бўлган ишни қиламиз. Ўйлайманки, Қўшма Штатлар Америка учун нима фойдали эканлигини билади ва мен бунга аралашмоқчи эмасман”, деди Исроил бош вазири.
Исроил дастлаб 13 июнь куни Эрон ядровий инфратузилмаси ва бошқа нишонларга ҳужум уюштирган. Икки давлат ўшандан бери бир-бирига оммавий зарбалар беришда давом этмоқда.
“Эрон ва Исроил келишувга эришиши керак. Худди мен Ҳиндистон ва Покистонга қилганимдек”, деди Трамп Truth Socialъда.
Трамп Канадада бўлиб ўтадиган G7 саммитига жўнаб кетишидан олдин журналистлар билан суҳбатда АҚШ Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган. У мамлакатга Эронга зарба беришни тўхтатишни айтган ёки айтмагани ҳақида сўралганда жавоб беришдан бош тортган.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий музокараларнинг навбатдаги раунди 15 июнь куни бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ воситачи Уммон ташқи ишлар вазири Бадр Albusайдий бир кун аввал музокаралар бекор қилинганини маълум қилган.
Изоҳ (0)