Таиландлик миллиардер ва қиролликнинг собиқ бош вазири Таксин Чинават монархияни ҳақорат қилиш иши бўйича оқланди. The New York Times газетаси хабар беришича, сиёсатчига 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид солаётган эди.

Газета маълумотларига кўра, сиёсатчидан айблов олиб ташланган бўлса-да, у ва унинг оиласи ҳамон ҳуқуқий таҳдидларга дуч келмоқда.
Чинават тергов пайтида қамоққа тушишдан қутулиб қолган, чунки у шифохонанинг VIP хонасида даволанган.
Май ойида Чинават интервьюда мамлакат қироли Важиралонгкорн (Раму Х)ни ҳақорат қилгани учун судга тортилди. Айблов томонининг таъкидлашича, Чинават Жанубий Кореянинг “Чосон илбо” газетасига берган интервьюсида монархиянинг обрўсига путур етказган. Ўшанда у Махфий кенгаш (Таиланд қироли ҳузуридаги маслаҳат органи) аъзолари 2014 йил 22 майдаги давлат тўнтаришини қўллаб-қувватлаганини, натижада собиқ бош вазирнинг синглиси Йинглак Чинават бошчилигидаги ҳукумат ағдарилганини айтган.
2006 йилда ўз ҳукуматини ағдарган ҳарбий тўнтаришдан сўнг мамлакатни тарк этган Чинават 2023 йилда Таиландга қайтди ва қамоққа олинганди. Таъкидланишича, ҳарбий тўнтаришдан кейин Чинават ватанида коррупция ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Май ойида Таиланднинг Олий маъмурий суди ихтиёрий равишда чет элда яшаётган собиқ бош вазир Йинглак Чинаватни фермерларни субсидиялаш бўйича муваффақиятсиз дастури туфайли давлатга етказилган катта зарар учун 10 миллиард батдан ортиқ (тахминан 305 миллион доллар) тўлаш мажбуриятини юклаганди. У 2017 йилда хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани учун 5 йилга қамалган эди.
Изоҳ (0)