Польшанинг ПГЗ давлат мудофаа концерни артиллерия снарядлари ишлаб чиқаришни беш бараварга кўпайтириб, 150-180 минг донага етказмоқчи. Бу ҳақда мамлакат давлат активлари вазири Якуб Яворовский Financial Times нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, Польша импорт қуролларига қарамликни камайтириш ва шарқдан келаётган Россия таҳдидидан ўзини ҳимоя қилиш мақсадида гаубитса снарядлари ишлаб чиқаришни беш бараварга оширади.
“Қисқа муддатли мақсадимиз — бу турдаги қуроллар ишлаб чиқаришни сезиларли даражада кўпайтириш, хорижий етказиб берувчилардан мустақил бўлиш ва миллий автономия учун мустаҳкам асос яратишдир”, деди Яворовский.
Яворовскийнинг сўзларига кўра, ПГЗ яқин кунларда Польша мудофааси учун жиддий муаммолардан бири бўлган снарядлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун 663 миллион доллар маблағ олади. Қўшимча маблағлар киритилиши 155 мм калибрли снарядлар ва 120 мм калибрли танк ўқлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради.
ПГЗ ҳозирда йилига 30 мингта йирик калибрли снаряд ишлаб чиқаради ва уч йил ичида бу кўрсаткични 150-180 мингтага етказишни режалаштирмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, Польша НАТО давлатлари орасида мудофаага энг кўп маблағ сарфлайди: 2025 йилда ушбу ҳарбий эҳтиёжларга ялпи ички маҳсулотнинг 4,7 фоизи йўналтирилиши кутилмоқда. Бироқ маблағларнинг аксарияти ҳозиргача хорижий етказиб берувчиларга, асосан АҚШ ва Жанубий Кореяга йўналтирилган эди. Энди Польша ҳукумати кучларни миллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратмоқда.
Таъкидланишича, бу ҳаракат Европанинг мудофаа соҳасида АҚШ ва бошқа хорижий етказиб берувчиларга қарамлигини камайтириш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)