Польша Чехиянинг Украина учун артиллерия ўқ-дориларини сотиб олиш ташаббусига ўз ҳиссасини қўшиш учун 50 миллион евро ажратди.
Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Радослав Сикорски Visegrad Insight журналига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз Чехиянинг ўқ-дорилар сотиб олиш бўйича ташаббусини юқори баҳолаймиз, бунинг учун биз 50 миллион евро ажратдик”, деди у. Чехия президенти Петр Павел 17 февраль куни Мюнхен хавфсизлик конференциясида сўзга чиқиб, агар маблағ топилса, республика учинчи давлатларда Украина Қуролли кучлари учун юз минглаб артиллерия снарядларини сотиб олиш имкониятини топганини айтганди. Аммо бу қайси давлат экани очиқланмаган.
Апрель ойида Чехия бош вазири Петр Фиала Чехия ташаббуси доирасида Украина учун 500 минг снаряд топилгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу ўқ-дориларнинг 200 мингга яқинини сотиб олиш бўйича шартномалар тузилган. Унинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида қолган 300 минг снарядни сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланади. Ҳозирда 18 давлат ташаббусда иштирок этмоқда.
Чехия мудофаа вазири Яна Cерночованинг айтишича, май ойининг охирига келиб, фақат Дания, Канада, Нидерландия ва Португалия ташаббус доирасидаги молиявий мажбуриятларини бажарган.
Изоҳ (0)