Польша ҳуқуқ-тартибот органлари Марказий коррупцияга қарши кураш бюросининг икки нафар собиқ ходими 578 нафар полшалик мухолиф сиёсатчининг телефонларини тинглаш учун Исроилнинг Pegasus жосуслик дастуридан фойдаланганликда айбланиб ҳибсга олди. Бу ҳақда “Радио Зет” радиостанцияси хабар бермоқда.

“Pegasus иши бўйича тергов гуруҳи прокурорининг фармойишига кўра, бугун МККБнинг икки нафар собиқ ходими ҳибсга олинди”, дея Польша миллий прокуратураси вакили Пшемислав Новакнинг сўзларини келтиради радиостанция.
Унинг маълум қилишича, гап бюронинг Варшавадаги бўлими раҳбари ва тезкор-тергов бўлими бошлиғи ҳақида кетмоқда. Уларнинг исми ва фамилияси ошкор қилинмаган. Ҳибсга олинганларнинг дастлабки сўроғи пайшанба куни ўтказилади.
Pegasus дастури дастлаб МККБнинг ташаббуси билан Исроилдан харид қилинган, аммо кейинчалик ундан олинган маълумотлардан бошқа махсус хизматлар — Ички хавфсизлик агентлиги ва Ҳарбий контрразведка хизмати, шунингдек, полиция ҳам фойдалана бошлаган. Бунда ИXА ва ҲКХ Pegasus ёрдамида олинган маълумотлардан фойдаланганлик учун коррупцияга қарши курашиш бюросига ҳақ тўлаган. Ҳарбий контрразведка бунинг учун МККБ ҳисобига йилига 4 миллион злотий (тахминан 1 миллион доллар) ўтказиб келган.
Жосуслик дастурининг харид қилиниши Польшада ўнг-консерватив “Ҳуқуқ ва адолат” партияси ҳукмронлиги даврида (2015—2023 йиллар) амалга оширилган.
Польша оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, у ҳукмрон партиянинг сиёсий рақибларини кузатиш учун ишлатилган. 2024 йил апрелида Pegasus дастуридан ноқонуний фойдаланиш бўйича бошланган тергов ҳалигача якунланмаган.
Изоҳ (0)