2014 йилда Луганскнинг кўплаб фуқаролари Украина шарқидаги қуролли низо туфайли ўз она шаҳрини тарк этишга мажбур бўлди. Саккиз йилдан кейин — 2022 йил 24 февралда — уруш уларни қувиб етди ва яна қочишга мажбурлади. Meduza ўз мақоласида шундай одамлардан баъзилари ҳақида ҳикоя қилади. Уларнинг барчаси — 2014 йилда Луганскдан бош олиб кетган ўқитувчи Виктория Вуалонинг дўстларидир. Уруш бошланганидан буён Виктория Украинадаги яқинлари билан ҳар куни гаплашиб туради. Улар унга бироз танаффус билан жавоб беради, имконият бўлганида эса аудиохабарлар жўнатиб, бомбалардан қандай бекинаётганлари, қариндошлари ҳақида ташвишланаётганлари ва хавфсиз жойга кетиш йўлини топишга уринаётганлари ҳақида гапириб беради. Виктория ва унинг яқинлари розилиги билан Meduza ушбу хатларни ва уларнинг қаҳрамонлари ҳикояларини эълон қилмоқда.
Ҳамма ҳар жойга тарқалиб кетди
Виктория Вуало Россияда туғилган, аммо Украинада — Бердянск ва Луганскда ўсиб-улғайган. Викториянинг холаси Луганск педагогика институти филология факультетида, онаси эса университет қошидаги коллежда дарс берган. Викториянинг ўзи ҳам ўқитувчилик касбини эгаллади. Педагогика институтини битириб, инглиз тили бўйича репетиторлик қила бошлади, университетда дарс берди.Оиланинг ўқитувчилар ва талабалардан иборат дўстлари кўп эди. Баъзилар ўқишни битиргандан кейин ҳам улар билан алоқани узмас ва дўстлашиб кетар эди. 2014 йилда ҳаммаси ўзгариб кетди.
«Россия Қримни тортиб олганидан кейин дарҳол Луганскда умуман бу ерлик бўлмаган, юзлари ва йўл-йўриқлари бошқача бўлган одамлар пайдо бўлди», — деб эслайди Виктория.
«Бу одамлар ҳокимиятни қўлга олиш учун шаҳарга келгани сезиларди. Уларни аллақачон ҳокимият тепасида бўлганларнинг кўпчилиги — милиция академияси раҳбарияти, «Ҳудудлар партияси*»дан депутатлар, Рус православ черковлари руҳонийлари қўллаб-қувватларди. Мен буларнинг барчасини кўриб турардим, лекин менга ўзимнинг қайғум етарли эди, — деб изоҳ беради Виктория. — Онамнинг дарддан жони узилаётган эди, шунинг учун бўлаётган ҳодисаларга ўз ташвишларим таъсири остида қарардим».
*Ҳудудлар партияси — Украинадаги сиёсий партия бўлиб, Виктор Янукович президентлиги даврида ҳукмрон бўлган. Россия билан ҳамкорликни ёқлаб, евроинтеграцияга қарши чиққан. 2014 йилдан мамлакат сиёсатига фаол равишда аралашишдан тўхтаган.
Викториянинг онаси 2014 йил мартида, Луганскда қарийб бир ойдан буён Киев ҳукуматига қарши намойишлар ва Евромайдон митинглари давом этаётган бир пайтда вафот этди. Апрель охирига келиб, норозилик намойишлари қуролли низога айлана бошлагач, унинг яқинлари Луганскни тарк этиб кета бошлади.
Бироз вақтдан кейин университетлар эвакуация қилина бошлади — Викториянинг кўплаб собиқ ҳамкасблари ва талабалари Харьков ва Киевга бориб қолди. Онасининг ўлимига 40 кун тўлгач, Виктория ҳам жўнаб кетди. Аммо Украинага эмас, Россияга (шундан кейин Луганскдан Россияга поездлар яна саккиз йил қатнамайди).
«Менинг холам бу вақтда Москвада яшаётган эди — у ўз ҳаётини рус филологияси соҳасидаги тадқиқотларга бағишлади ва илмий ишини давом эттириш учун Луганскдан 2014 йилдан анча олдин кўчиб кетган эди, — дея тушунтиради Виктория. — Холам 2014 йилдаги урушга қарши эди, Қримнинг босиб олинишига қарши эди. Бироқ ўзи жуда яхши кўрадиган рус филологияси Россиядаги ҳукуматга алоқадор эмас, деб ҳисобларди. У ёлғиз яшарди, менинг эса бошқа қариндошларим йўқ эди. Шунинг учун ўша ёққа кетдим. Москвага эмас, унинг ёнига».
Виктория холасининг уйида бир неча йил яшади. Сўнг бўлғуси турмуш ўртоғи билан танишиб, Францияга кетди, аммо ҳеч қачон Украина билан алоқани узмади. Уруш бошлангач, Виктория Луганскдаги танишларига қўнғироқ қилиб чиқа бошлади, улар эса унга ёзма равишда ёки аудиохабарлар билан жавоб берарди. Виктория учун улар миллионлаб оддий одамларнинг ҳаётларини вайрон қилган уруш шоҳидларига айланган эди.
«Ўзимни қаерга қўйишни билмасдим, дуо ўқирдим, ҳўнграб йиғлардим, лаънатлардим»
Татьяна Миронова — Викториянинг яқин дугонаси. «У холамнинг талабаси эди, — деб эслайди Виктория. — Улар 1970 йиллардан буён дўстлашиб келар ва бу дўстлик аста-секин менга мерос бўлиб ўтди».Татьянанинг ўғли Сергей Викториянинг биринчи ўқувчиси бўлган. Татьянанинг ўзи ҳам Луганск университетида дарс берарди, 2010 йилда эса ресторан бизнесига ўтиб кетди.
Уруш бошланган вақтда Татьяна Миронованинг оиласи Украинанинг турли бурчакларида яшарди. Татьяна Киевда, унинг отаси Луганск вилоятида, кекса онаси, ўғли Сергей ва синглиси эса оиласи билан ўзлари туғилиб-ўсган Харьковда эди. Харьковни ўққа тутиш бошланганида оила дастлаб ваннахонага бекиниб олди, кейинроқ эса бомбапаноҳга ўтди. 1 март куни Татьяна ўғлини эвакуация билан Украина ғарбига кетишга кўндирди. Онаси ва синглиси эса оиласи билан уйни тарк этишдан бош тортди.
«24 февралдан буён ҳар куни бир хил бошланади — эрталаб барча яқинларимга: ‘Салом, яхшимисан?’ — деб ёзаман, — деб гапириб беради Татяна. — Бу сўзларда шунчалар хавотир, меҳр, умид борки, ‘Ҳаммаси яхши’, — деган жавобни олмагунингча, гўёки, юрагинг уришдан тўхтайди ва нафас олмай турасан. Бу иккита сўз эса шунчалик қимматлики, тананг қайта жонланиб, яна ҳаракатланишни бошлайсан, қўлинг ишга бора бошлайди».
3 март куни Татьянанинг отаси 80 ёшга тўлди. Оила Луганск вилоятидаги зиёфатга тўпланиши керак эди. Уруш туфайли ҳаммаси бекор бўлиб кетди. Шу куни Татьяна отасига қўнғироқ қилди, улар телефонда узоқ суҳбатлашди: «Отам зиёфат учун тайёрлаб қўйган қўшиқни куйлаб берди. Мен унсиз йиғладим ва унинг буни пайқаб қолишидан қўрқдим. Кейин биз ҳазиллашиб, отамнинг юбилейи сайёра бўйлаб юрибди, шунинг учун уни ўзимиз истаган куни нишонлашимиз мумкин, дедик. Ўша пайти мана шу гапларга катта умидим яширинган эди».
Татьяна қайд этишича, у «ҳиссиётлар фалажлиги»га чалинмаслик учун ўзининг одатий ҳаётига қандайдир кундалик ташвишларни киритишга уринмоқда. Ўйлаб топилган икир-чикирлар бардам бўлишга, янгиликларни ўқимасликка, интернетга кирмасликка ёрдам беради. «Алаҳсиш қийин, — дея тан олади Татьяна, — ахир худди янгиликларни билган ҳолда ҳамма нарсани назорат қилаётгандек ҳис этасан ўзингни. Аслида эса сен анчадан буён ҳеч нарсани назорат қилмайсан, чунки бир сониядан кейин сенга нима бўлишини билмайсан».
3 март куни кечқурун унга Харьковдан синглиси қўнғироқ қилиб, уларда чироқ ўчгани, «ҳамма жой гумбурлаб, снарядлар тушаётгани»ни ёзган. Татьянанинг синглиси, турмуш ўртоғи, онаси ва жияни билан алоқаси узилиб қолган.
«Мен қўрқувдан фалаж ҳолатда ўтирдим. Кейин синглимдан SMS келди, улар ертўлага тушибди. Сўнг яна жим бўлиб қолишди», — деб эслайди Татяна.
У соатлаб ўз яқинларидан жавоб кутди ва Харьковдаги бомбардимонлар ҳақидаги янгиликларни ўқиди. «Харьковлик яқинларимдан кимдир алоқага чиқиб, артиллериядан ўққа тутилаётган манзилларни айтиб турарди — менга фақат шу яшашим учун сабаб бўлиб турганди, — деб гапириб берди Татьяна овозли хабарида. — Мен буни тинглаб, барча манзилларни кўз олдимга келтирардим — уларнинг ҳаммаси менга қадрдон бўлган, мен ўсиб-улғайган, дўстларим билан сайр қилган, кино ва кафеларга борган жойлар эди».
Харьковлик дугонаси Татьянага ёзиб, ўзи яшайдиган уйдан 50 метр узоқликда жойлашган поликлиникага снаряд келиб тушганини хабар қилган. «Дугонам ўша куни тунда SMS ёзиб мен билан видолашди, мен эса унга видолашиш керакмаслигини, менинг режаларим бошқача эканини ва ядровий қирғинда ўлишга тайёр эмаслигимни айтиб жавоб бердим», — деб эслайди у.
У эрталабгача ухламай чиқди: «Ўзимни қаерга қўйишни билмасдим, дуо ўқирдим, ҳўнграб йиғлардим, лаънатлардим, яна йиғлардим ва яна дуо ўқирдим. Буларнинг ҳаммаси тамом бўлишини сўраб кимга мурожаат қилишим кераклигини тушунишга уринардим. 4 март куни эрталаб олтида мобил алоқа оператори синглимнинг телефони хизмат кўрсатиш доирасида экани ҳақида хабар берди. Ва дарҳол ҳаётимдаги энг қимматли SMS етиб келди: «Соғ-омонмиз».
Оила Харьковдан 4 март куни эрталаб, бунга имконият туғилиши билан, Полтавага жўнаб кетди. Татьянанинг синглиси эри билан, уларнинг қизи Танюшка, кекса онаси ва мушуги Василиса.
Синглиси билан гаплашиб, Татьяна онаси яшаган тўққизинчи қаватдаги хонадон ёниб кетгани, уйга снаряд тушганидан хабар топди: «Харьковни бомбардимон қилиш бошланганида, у тўққизинчи қаватда қололмас эди, лифт ишламай қолганди. Онамни биринчи қаватдаги қўшниларнинг уйига олиб тушишган, у ерда синглим ҳам оиласи билан яшарди. У ер пастда, хавфсизроқ эди. Деразаларни кўрпалар билан қоплаб, жиҳозлар билан тўсиб қўйишган, синган парчалар уй ичига кирмаслиги учун. Онамни ертўлага тушира олишмаган [соннинг синиши туфайли]. Бомбардимонлар бўлган тунни у биринчи қаватдаги хонадонда ўтказган».
6 март куни Татьяна паришон ҳолатда Викторияга шундай ёзган:
Бундан кейин нима бўлишини тушунмаяпман. Бундай воқеалар қандай қилиб бизнинг дунёмизда содир бўлиши мумкинлигини тушунмаяпман. Менинг севимли Харьковим, Украинанинг энг чиройли шаҳарларидан бири ер юзидан супуриб ташланмоқда. Эй Худо, мен озгина нарса сўрайман, шунчаки севикли одамларимни бағримга босишни хоҳлайман! Ўз каравотимда чиройли пижама кийиб ухлашни хоҳлайман. Оддий бир кунни бошлаб, тинчгина нонушта қилсам. Режалар тузсам, орзулар қилсам. Бир кун келиб бу воқеалар тугашига ишонаман ва руҳиятим соғ қолишини сўраб қоламан, чунки мен севишни, дунёдан ва одамлардан қувонч олишни истайман, нафратланишни хоҳламайман.11 кундан кейин у Киевни тарк этди.
«Охирги лаҳзагача кетиб қолиш истагим йўқ эди. Лекин барча қариндошларим талаб қилиб туриб олди. Чунки Киевда мен ёлғиз эдим. Ичимда доим бир парча қўрқув турарди, — деб тушунтиради Татьяна. — Сирена чалиниши билан юрагим шув этиб товонимга тушади. Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бу шундай товушки, гўёки бутун ичак-човоқларингни суғуриб олгандай бўлади».
Аёл вокзалга пиёда келди. Биринчи поездгаёқ ўтириб олди — «қаерга кетишнинг аҳамияти йўқ эди». Ивано-Франковскка йўл олишди. Вагон тиқилинч эди, Татьянанинг тиззасида бировнинг беш яшар қизчаси ўтирар ва бомбардимонлар туфайли ертўлада ўтиришдан безор бўлгани ҳақида гапирар эди.
Март охирида Татьяна Польшада эди. Унинг оиласи эса ҳамон тарқоқ ҳолатда эди.
«Отам Луганск вилоятида, унинг ҳудуди ҳам энди деярли тўлиқ босиб олинган. Ва у ерда аллақачон ўзларининг қоидаларини қабул қилдиришга уринишмоқда. У билан алоқам узилиб қолди, — дейди Татьяна. — Онам синглим билан ҳамон Полтавада. Бугун синглим қўнғироқ қилиб ҳўнграб йиғлаб юборди — онамиз ўз қўрқувини енгишга уринаётгани ҳақида гапириб берди. У 82 ёшда, бир ўзи бомбалар остида ўтказган ўша тун ёдига тушаверади».
«2014 йилда мени лугансклик Марина дейишарди, энди киевлик Маринаман»
Марина — Викториянинг лугансклик таниши. Улар Татьяна орқали танишган. У Луганскдан кетиб Киевда ресторан очганида, Марина унга менежер бўлиб ёлланган.«2014 йилда, россиялик ҳарбийлар бостириб киргач, бутун ҳаётимни ўзгартиришимга тўғри келди, — деб эслайди Марина. — Мен у ерда ўқлар товушлари остида яшай олмасдим, тезгина нарсаларимни йиғиб жўнаб кетдим. Қўлимда биттагина жомадон бўлса, бошимда бир дунё саволлар бор эди: қаерга бораман, мени олдинда нималар кутяпти, ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолаётган яқинларим қандай яшайди. Буларга жавобларим йўқ эди, фақат омон қолиш деган ёввойи бир истак бор эди — шундан бошқа ҳеч нарсани ҳис қилмасдим».
Бир неча ойлар давомида Марина Украинада у шаҳардан бу шаҳарга кезиб юрди, охири Киевга жойлашди: «Мен ҳаётимни нулдан бошладим. Турмушга чиқдим, болали бўлдим».
24 февраль куни эрталаб унинг ҳаёти яна ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
«Биз қариндошларимизнинг қўнғироғидан уйғониб кетдик, улар даҳшат ичида бақириб, Киев бомбардимон қилинаётганини айтарди, — дея аёл бир неча кундан кейин Викторияга хабар ёзди. — Бошимга ҳеч қанақа фикр келмас, танамда куч қолмаган эди — фақат фалажловчи қўрқув қамраб олган эди. Бу қўрқувга яна ҳаммасини қайтадан бошдан кечириш ваҳимаси қўшилди. Лекин энди мен янада қўрқардим. Чунки энди ёлғиз эмасдим. Турмуш ўртоғим ва ўғлим ҳам бор эди. Улар учун ўзимдан ҳам кўпроқ ташвишланар эдим».
Турмуш ўртоғининг ота-онаси 24 февраль куни кечгача уларни уйларидан олиб, Ровно вилоятига келтирди. «Бу ер нисбатан тинч, ўқ отишмаяпти, бомбардимон қилишмаяпти, — дея Викторияга юборган аудиохабарида айтиб берарди Марина. — Лекин вақти-вақти билан — кунига бир-икки, баъзан эса етти мартагача ҳаво тревогаси сигнали билан ертўлага югурамиз. Ўз ҳаётларимизни сақлаб қолиш учун. Ҳар дақиқада истар-истамас янгиликларни ўқийман, маълумотларни кўриб чиқаман, бугун қаерда қаттиқ жанглар бораётганини, бугун қайси шаҳарни Украина юзидан йўқ қилиб ташлашаётганини кўраман. XXI асрда бундай нарса бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин… Ҳеч кимга ҳеч қанақа хавф солмаган эркин давлат ҳудудига бостириб кириш».
Марина оиласининг омади келиб, биринчи куниёқ жўнаб кетганини, вайронагарчиликларга гувоҳ бўлмаганини айтади. Аммо улар ҳамон хавотирда: «Биз яшайдиган жой яна бир ‘қардош халқ’, Беларусь Республикаси билан чегарадош, шундай экан, ҳаммамиз жуда яхши биламизки, улар ҳам худди РФ каби ҳужум қилиши мумкин».
Марина келажак ҳақида ўйлашдан қўрқади — келажак унга «қоронғи» ва тушунарсиз бўлиб туюлади: «Мен режалар тузишга ўрганган эдим, энди эса бунинг иложи йўқ — эртага, индин нима бўлишини тасаввур қилишга уринаман ва боши берк кўчага кириб қоламан».
Ҳар куни эрталаб у Украинанинг турли қисмларида яшовчи қариндошлари билан ёзишиб, соғ-омонлигини ўрганади. Ҳар куни эрталаб янгиликларда уруш тугагани ҳақидаги хабарларни кўришга умид қилади.
«Лекин ҳафталар ўтиб бормоқда, мамлакатимиз курашмоқда, вайрон бўлмоқда. Тинч фуқаролар, болалар авиация бомбалари, ўқлар остида қолмоқда. Мен яна омон қолиш деган ёввойи истакни ҳис қиляпман. Бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмайман», — деб гапириб беради Марина.
21 март куни у Викторияга навбатдаги овозли хабарни юборди:
Нима учун? — деб ўйлаб қоласан. Нима сабабдан уруш бўляпти? Ҳар кун — ҳаёт томонидан берилган янги синов. Томоғимга нимадир тиқилади, кўзим ёшга тўлади, «нима учун?» деб савол бераман. Ва тушунаманки, бугунги хавфсизлигим эртага минг парча бўлиб учиб кетиши ва ўлимга айланиши мумкин.2014 йилда мени ҳамма жойда лугансклик Марина деб чақиришарди, энди эса киевлик Маринаман. Давлатдан ёрдам олиш учун яна бир дунё маълумотномаларни йиғиш керак. Иш йўқ, лекин қандайдир қилиб яшаш керак-ку.
Ҳар куни ўз-ўзимга тинчланишим кераклигини айтаман: ўғлим ҳали кичкина, унга соғлом она керак. Мен ўз руҳиятимни асрашни истайман, чунки Киевга қайтиб бориб, мамлакатимга оёққа туришда ёрдам бермоқчиман. Аммо янгиликларни ҳам ўқимасдан тура олмайман. Вайроналар остидан чиқариб олинаётган ёш болачалар, отиб ташланаётган тинч фуқаролар — буларни кўриб қандай ақлдан озмаслик мумкин, билмайман. Худога шукур, мен ҳам, фарзандим ҳам буларни эшитмади ва ўз кўзи билан кўрмади. Лекин одамлар шундай даҳшат ичида яшаяпти!
Энг қўрқинчли нарса шуки, Украина бир ўзи қолди. Ҳа, уни кўплаб мамлакатлар қўллаб-қувватлаяпти. Бироқ уни ҳимоя қилиши керак бўлганлар четга чиқиб олди. Афсуски, ўзини бутун дунёда тинчликпарвар деб атовчи альянс биз учун ҳеч нарса қилмади.
«Бу ерда мен ҳаловат топмайман»
Татьяна Мажара — спортчи, профессионал парашютчи, 2014 йилгача фаол сакраб, машқ қилган. Ўғли Вячеслав билан Луганскда яшаган. У эса Шарқий Украина университети коллежида «банк иши» соҳасида таҳсил оларди. Унга Викториянинг онаси дарс берган. «Слава яхши ўқирди, коллежни қизил диплом билан тугаллаганди», — деб эслайди Виктория.2007 йилда Вячеслав университетда ўқиш учун Киевга кўчиб кетди. Тахминан бир йил ўтиб, унинг кўзи кўрмай қолди. Талаба ўртоғи билан бирга бекатда автобус кутиб турганида, уларнинг устига автомобиль бостириб борди. Ўртоғи реанимацияда вафот этди.
«Онам менга Слава ҳақида айтиб берганди, биз Луганскда уни даволатиш учун пул йиғиш ташкил қилдик, — деб хотирлайди Виктория. — Шу тариқа унинг онаси Татьяна билан танишдик ва дўстлашдик. Кейин, 2014 йилда у Киевга, ўғлининг ёнига кўчиб кетди».
24 февраль, уруш бошланган куни Виктория Татьянага ёзди, у эса Вячеслав Киевдан кетишдан бош тортаётганини хабар қилди. Армияга чақирилиш ёшидаги эркаклар уруш чоғида Украинани тарк эта олмайди, ногиронлиги бўлган одамларга эса ҳарбий комиссариат (военкомат)дан рухсатнома керак бўлади. Вячеслав кетмаслик учун ушбу тақиқдан фойдаланиб қолди. «Мен қоламан, нима бўлса бўлсин», — деди у Татьянага.
У эса яна икки ҳафта давомида ўғлини кўндира олмади. Бунга муваффақ бўлганида эса, улар уриниб кўрди, аммо кета олмади.
«Биз Киевдамиз. Слава билан чиқиб кета олмаяпмиз. Икки марта ҳаракат қилдик, — деб ёзди Татьяна Викторияга 13 март куни. — Поездлар шиддат билан эгаллаб олиняпти, вагонлар одамларга лиқ тўла, ҳатто тик туриб кетаётганлар ҳам бор. Славик одамлар тўпланган жойга кира олмайди, кислород етишмай қолса, тутқаноғи хуруж қилади. Оломоннинг ғовур-ғувури ҳам унга ёмон таъсир қилади. Шунинг учун биз шу ердамиз. Худо қандай йўлга бошласа, шу бўлади. Бу ерда бизга ўхшаганлар кам эмас, жафокаш ўлкамизнинг бу саҳифасини биргаликда яшаб ўтамиз».
«Виктория, шундай ҳолатдаманки, ҳеч нарса дегим келмайди, ҳеч кимни лаънатлашни истамайман. Доимий ўққа тутишлар, гумбур-гумбурлар… гоҳ узоқда, гоҳ яқинда. Мия гангиб қолади, — деб айтиб берарди Татьяна дугонасига. — Агар Славик бўлмаганида, аллақачон кетиб қолардим. Лекин у ҳамма нарсани тушуниб турибди ва кетишни хоҳламаяпти, йўлни кўтара олмаслигини тушунади. Мени кеткизмоқчи бўлади, ўзини ўзи бажара олишини айтади… Бироқ мен онаман, унинг ёнида бўлишим кераклигини ҳис қиламан. Кимсасиз шаҳарни кўриб, қўрқувим янада ошади, фақат сумка кўтарган одамларнигина учратиш мумкин (жомадон эмас, айнан сумка — ҳужжатлар ва йўл учун бироз егулик). Бир қўлида сумка, иккинчисида — боласи ёки қандайдир уй ҳайвони. Бу ҳолат одамни эзиб қўяди».Татьяна ўз хатида украин халқига бошқача кўз билан назар солганини тан олди: «Бундай довюраклик ва бардошлиликни фақат фильмларда кўрасатишарди. Она ерининг ҳар бир бўлагига тиш-тирноғи билан ёпишмоқда. Афсуски, ёшим 60 дан ошган. Ҳеч бўлмаса, 50 да бўлганида… Бундай йигитлар билан битта сафда қўрқинчли бўлмаган бўларди».14 март куни Виктория яна битта хат олди.
«Ҳар битта фуқаро доимий равишда бу қўрқув ичида яшамоқда, ҳатто ўққа тутилмаётган пайтда ҳам, — деб ёзарди Татьяна. — Жимжитлик чўкиб, қушларнинг сайроғи эшитила бошлаганида, шахсан ўзим жуда даҳшатга тушаман. Мендаги бундай қўрқув 2014 йилдаги урушдан буён қолиб кетган. Шундай бўлардики, бу жимжитликни снаряд портлаган овоз бузарди, сен у яқинлашиб келганини сезмай қоласан, чунки ёнгинангга келиб тушади. Одам ёлғиз бўлса, анча осон, лекин ёнингда бундай вазиятда бутунлай ҳимоясиз ўғлинг бўлса, энди бу икки карра қўрқув, у сени ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан ҳолдан тойдиради. Бундай стрессда яна қанча яшай оламан — буни билмайман».
16 март куни Татьяна ўғли билан Киевни тарк этди. У Польшага етиб борганидан кейин Викторияга ёзди:
Қаердан ёрдам келганини ҳалигача тушунмаяпман. Мен ҳар хил одамлардан суриштирдим, дўстларим ҳар томондан биз учун кўмак қидирди. Бизга Қизил Хочдан қўнғироқ қилиб, тайёрланишга икки соат вақт беришди ва автобус жўнаб кетадиган жойга келишни айтишди.Биз Киев ташқарисига боришимиз керак эди. Ҳамма такси хизматларига қўнғироқ қилиб чиқдим — бирорта ҳам машина йўқ. Тамом, бу сафар ҳам кета олмаймиз… Қўнғироқ бўлди, қайсидир такси ҳайдовчиси тайёрланиб туришимизни сўради, у бизнинг ёнимизгача етиб олишга ҳаракат қилаётганини, шаҳар баррикадаларга тўла эканини, кўчалар тўсиб қўйилганини айтди. Бир амаллаб етиб келди. Биз кўчада эдик. Энг керакли нарсаларни олганмиз, ҳамма югурарди, автобусга улгурсак бўлди. Қандайдир мўъжиза юз бериб, баррикадалардан ўтиб олдик, кечикдик, аммо автобус кутиб турган экан. Киевдан чиқиб кетишда жуда катта тирбандлик юзага келган, юк машиналари, автобуслар, енгил машиналар йиғилиб қолган эди. Бир километр йўлни уч соатда босиб ўтдик. Сўнг туни билан тупроқ йўлларда фараларни ўчириб қўйиб юрдик. Тунги Львов, яна ҳаво тревогаси, энди унга ҳеч ким эътибор қилмасди… Кечаси учда Польша билан чегарада эдик. Польша қочқинларни меҳмондўстлик билан кутиб олаётгани ҳақида эшитгандим, бироқ буни ҳис қилиш учун уруш йўлидан юриб ўтиб, бизга ёрдам қўлини чўзган раҳмдил одамлар меҳри ва ғамхўрлигига тўла муҳитга тушиш керак. Бу ерда барча зарур нарсалар: иссиқ овқатлар, ичимликлар, ўйинчоқлар, кийим-кечак, дорихона, шахсий гигиена буюмлари бор эди… Мамлакатнинг исталган нуқтасигача бепул транспорт бор эди.
Иссиққина нарсалар еб-ичиб олгим келарди… Аммо кўрган нарсаларим, меҳрибон очиқ чеҳралар, меҳр билан тайёрланган таомлар ҳиди мени шунчалик ҳаяжонлантирдики, беихтиёр кўз ёшларим юзимга оқиб туша бошлади. Мен бу ерда, хавфсиз жойда меҳр ва ғамхўрликдан роҳатланаётган бир пайтда ватанимда минглаб одамлар овқатсиз, сувсиз қийналаётгани, ҳафталаб болалари билан, ногиронлар билан ертўлаларда бекиниб ётгани, ҳалок бўлаётганидан уялардим ва қийналардим. Мен бу ерда ҳаловат топмайман.
«Бу уруш 24 февралда эмас, 2014 йилда бошланганди»
Ҳар куни кечқурун Виктория фарзандларига украин эртакларини айтиб беради, Киев, Луганск, Ирпен, Старобельск каби уларга нотаниш бўлган шаҳарларни тилга олади. Болаларга бу эртаклар ёқади, улар қайта ва қайта ўқиб беришни сўрайди.«Баъзан айтиб бераман ва йиғлайман», — деди Виктория. Украинада қолган дўстлари билан мулоқот унга умидсизликни енгишда ёрдам беради. «Улар билан осон тил топишамиз, бир-биримизни бир оғиз сўздан тушунамиз, — дейди у. — Ҳатто бир-биримизга бу уруш 24 февралда эмас, 2014 йилда бошланганини тушунтириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Буни ҳаммамиз биламиз».
Ҳадеб Украина янгиликларини ўқишдан чалғиш учун, у Францияга келган қочқинларга ёрдам беришга ҳаракат қилади, уларга қаердан ва қандай қилиб ёрдам олиш мумкинлигини тушунтиради. Унинг айтишича, европаликлар «ёрдам беришса-да, барибир вазиятни унчалик тушунмайди».
Украинадан келган бошқа экспатлар (ватанидан кўчиб кетган ёки кўчириб юборилган одамлар) билан биргаликда Виктория украин маданияти ва тилини сақлаб қолиш бўйича лойиҳа яратишни режалаштирмоқда, токи қочқинларнинг фарзандлари Францияда Украина мактаб дастури бўйича ўқий олсин. Ва нафратсиз дунёни яратиш муҳим деб ҳисоблайди.
«Ҳозир Европада кўпчилик русларга қаршилик кўрсатиш кераклигини айтмоқда. Россияда оддий одамлар нимани ўзгартира олиши мумкинлигини билмайман, — дея мулоҳаза қилади Виктория. — Агар мен у ерда бўлганимда, икки боланинг онаси сифатида, митингларга чиқишдан қўрққан бўлардим. Ва мен қўрқаётган бошқа одамларга таъна қила олмайман. Агар мен Россияга қайтиб боришимга тўғри келишини билганимда, эҳтимол, сиз билан гаплашишга қўрққан бўлардим. Лекин биламанки, ўзимнинг Украина паспортим билан у ерга энди ҳеч қачон қайтиб бормайман».
Изоҳ (0)