11 март куни Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 254 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан, 69 нафар аёл, 37 нафар вояга етмаган шахс ва 14 нафар чақалоқ олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили хабар берди.
Маълум қилинишича, 28 февралдан 11 мартга қадар 25 та авиарейс ташкиллаштирилган ҳамда ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудудлардан 5 634 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилган.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фуқароларга Молдовага бориш осонроқ бўлса, ушбу вариантни кўриб чиқишлари лозимлигини билдирганди. Ушбу фуқароларнинг кейинчалик ватанига эвакуация қилинишини ташкил этиш учун элчихона томонидан уларнинг рўйхати ва маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. 10 март куни Молдовадан 98 нафар Ўзбекистон фуқаросини Бухарест шаҳри (Руминия) аэропорти орқали эвакуация қилиш ишлари якунланган.
Украина фуқаролигини олган ёки Ўзбекистонликлар билан оила қурган бошқа давлат фуқаролари ушбу давлатдан пуллик асосда эвакуация қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)