Голливуд юлдузи Анжелина Жоли ва машҳур режиссёр Даг Лайман орадан қарийб йигирма йил ўтиб яна бир саҳнада бирлашмоқда. 2005 йилда катта шов-шувга сабаб бўлган “Жаноб Смит ва Смит хоним” фильми Жоли учун жаҳон миқёсида машҳурлик олиб келган эди. Эндиликда актриса “The Initiative” (“Ташаббус”) номли янги триллерида жосус ролига қайтмоқда, деб хабар берди Оху.Аз.

Universal Pictures компанияси лойиҳани сотиб олиш бўйича музокараларнинг якуний босқичига келган. Картина “жосуслик оламидан бир кун” бўлиши қайд этилмоқда. Бу 2001 йилда Дензел Вашингтон ва Итан Хоук бош ролларда суратга олинган машҳур криминал драмага ишорадир.
Фильм марказида гўзал ва зийраклиги билан танилган Брайт исмли жосус аёл (Жоли ижросида) туради. У ҳар доим қоидаларни бузади, ўз услубида ҳаракат қилади. Унинг элита гуруҳига янги аъзо — Чарли исмли йигит қўшилгач, иккиси хавфли ўйиннинг марказига тушиб қолади.
Сценарий муаллифи “Учта Х: Жаҳон ҳукмронлиги” ва “Автобан” фильмлари билан танилган Ф. Скотт Фрэйзердир. Продюсерлар Жо Рот ва Жефф Киршенбаум бўлиб, улар жорий йил бошида Netflix’нинг “Маъбуда ва аждаҳо” фильми ҳамда “Сендан бошқа ҳаммаси” романтик комедияси устида ишлаган.

49 ёшли Анжелина Жоли учун бу лойиҳа жангари триллер жанрига тантанали қайтиш бўлиши мумкин. “Ташаббус” фильмини суратга олиш ишлари 2026 йилнинг биринчи чорагида бошланиши режалаштирилган. Чарли ролини ким ижро этиши эса ҳозирча сир тутилмоқда.
Изоҳ (0)