Бугун, 14 август куни Украина Россиянинг Белгород ва Ростов шаҳарларига дрон орқали ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида камида 16 киши жароҳат олган. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.
Манбага кўра, Ростовда учувчисиз учиш қурилмаларининг зарбалари оқибатида 10 та кўп қаватли уй зарар кўрган. Шаҳар касалхоналарига икки нафар оғир аҳволдаги ҳамда енгилроқ жароҳат олган 11 киши етказилган. Ростов вилояти губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи Юрий Слюсарнинг сўзларига кўра, жароҳат олганлар орасида икки нафар бола ҳам бор.

“Етти нафар жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди, улар аллақачон уйларида. Олтитаси касалхоналарда қолмоқда. Уйлардан 212 киши эвакуация қилинди. Аҳоли учун вақтинчалик жойлаштириш пункти ташкил этилди”, деб ёзган Слюсар ижтимоий тармоқларда.
Қайд этилишича, 14 августда Белгород вилояти ҳукумати биносига ҳам зарба берилган, бироқ ҳеч ким вафот этмаган. Вилоят губернатори Вясеслав Гладков Белгородга ҳужумлар кун давомида ҳам давом этгани ва уч киши жароҳат олганини айтган.
Ҳужум оқибатида енгил автомобиль ёниб кетган. Белгород марказида дроннинг автомобилга урилиши видео тасвирга тушиб қолган.
Дронлар ҳужуми сабабли Белгород ҳукумати 18 августгача барча кўча тадбирларини тақиқлади. 16 августгача йирик савдо марказлари ёпилди. Давлат муассасалари масофавий ишлаш режимига ўтказилди. Шунингдек, хусусий компанияларга ҳам ходимларни масофадан ишлашга ўтказиш тавсия қилинди.
Изоҳ (0)