Президентнинг якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарори имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарорда якка тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ихтиёрий равишда расмий ишлашини рағбатлантириш, маъмурий тартиб-таомилларнинг такрорланувчи ва ортиқча талабларини бекор қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб ҳисоботни топширишгача бўлган барча асосий хизматларни бирлаштирувчи интеграциялашган рақамли платформалар яратиш ва нақдсиз тўловларни қабул қилиш учун қулай ва самарали механизмларни жорий этиш қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгиланган.
2026 йил 1 январдан бошлаб якка тадбиркорлар қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби ва солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан даромади юз миллион сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахсларни айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш тартиби бекор қилинади.
Бунда йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Ушбу қарорга иқтисодчилар ҳам ижобий фикр билдирган. Тўлов ташкилотлари тадбиркорлар учун “ягона дарча” каби бўлиб, хизматларни соддалаштириши, расман ишлаш учун қулай шароитлар ҳамда солиқ имтиёзлари фуқароларнинг ҳаётини анча енгиллаштиришини таъкидлаган.
“2026 йилдан битта тўлов тизими орқали ЯТТлар солиқларни тўлаш, шартномалар тузиш, пул ечиб олиш ва ҳоказо хизматларни амалга ошира оладиган бўлади. Алоҳида ERI ва компьютер хизматлари эса керак бўлмайди”, деган Пик Скартарис Telegram канали муаллифи.
Изоҳ (0)