Самарқанд вилоятида Истанбулга учаётган фуқаро қадимий тилла тангаларни яширинча олиб кетмоқчи бўлди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Келтирилишича, Самарқанд халқаро аэропортида божхона ходимлари Истанбулга парвоз қилаётган йўловчилардан бири 2 дона қадимий тилла тангаларни яширинча олиб чиқиб кетаётган вақтида фош қилинди.
Тангалар 1923 йилда Туркия Жумҳуриятида зарб қилинган 100 куруш ва 65 куруш экани аниқланди. Уларнинг тахминий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 15 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистондан яратилганига 50 йилдан ошган маданий бойликлар, шу жумладан нумизматика ашёларини олиб чиқиш мумкин эмас.
Чегарадан ноқонуний тарзда олиб ўтиш ҳолатлари кўпаймоқда
Аввалроқ Сирдарёда 6,7 килодан ортиқ заргарлик буюмларини чегарадан яширинча олиб ўтмоқчи бўлган аёл ва унинг невараси қўлга тушган эди.
Сентябрь ойида эса Тошкент халқаро аэропортида қимматбаҳо соатни ноқонуний олиб ўтишга уриниш, таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган қаҳвани олиб кириш фош этилганди.
Июлда эса Тошкент халқаро аэропортида фуқаро пневматик тўппонча олиб ўтмоқчи бўлган эди. Божхона назоратига тегишли тартибда тақдим этилмаган, муқобил манбаларга кўра, тахминий қиймати 700 минг сўм бўлган жами 1 дона КР-18 русумли пневматик тўппонча ва Angry BB номли оғирлиги 1 кг бўлган шарсимон шаклдаги пластик ўқлар борлиги аниқланди, дейилади божхона комплекси ахборотида.
Май ойида эса ДХХ 1,4 кг олтинни Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқиб кетаётган шахсларни ушлаганди.
Изоҳ (0)