Сурхондарёда ХIX аср охирига оид олтин тангани ноқонуний равишда сотаётган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаролар Ж.А. ва А.Ж. ўзаро тил бириктириб, ХIX аср охирига оид маданий бойликка тааллуқли ҳисобланган “Петру Богданову 1899” ёзувли, вазни 61,69 грамм бўлган қадимий олтин тангани фуқаро А.Й.га 100 минг долларга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Бухоро халқаро аэропортида қадимий тангаларни олиб чиқмоқчи бўлган эркак тўхтатиб қолингани, Самарқандда Кушонлар даврига оид тангаларни четга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган фуқаро аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)