Ғазонинг ҲАМАС ҳаракати Исроил билан урушни якунлаш бўйича асосий талаб — қуролсизланиш масаласига яна бир бор рад жавоби берди. Гуруҳнинг баёнотига кўра, улар фақат мустақил ва тўлиқ суверенитетга эга, пойтахти Қуддус бўлган Фаластин давлати ташкил этилгандагина қуролсизланишга рози бўлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Таъкидланишича, ҲАМАС бу қарорини Қатарда қабул қилинган декларацияга жавобан маълум қилган. Миср ва Қатар 29 июль куни Франция ва Саудия Арабистони томонидан эълон қилинган декларацияни маъқуллаган. Унга кўра, икки давлат ечими қўллаб-қувватланиб, ҲАМАС ўз қуролларини Фаластин маъмуриятига топшириши лозимлиги таъкидланганди.
Аммо Ғазони 2007 йилдан бери бошқариб келаётган ҲАМАС ҳаракати баёнотида “қуролли қаршилик кўрсатиш ҳуқуқидан” воз кечмаслигини маълум қилмоқда. Ҳаракат фақат мустақил Фаластин давлати барпо этилса, бу масалани кўриб чиқишини билдирган.
Исроил эса урушни тўхтатиш бўйича ҳар қандай келишувнинг асосий шарти сифатида ҲАМАСънинг қуролсизланишини кўради. Бош вазир Бенямин Нетаньяху июль ойида баёнот бериб, мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши Исроил хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидлаган. Шунингдек, у бу ҳудудларда хавфсизлик назорати Исроилда қолиши кераклигини билдирган. Нетаньяху Британия ва Канаданинг Фаластин давлатини тан олиш режасини ҳам танқид остига олиб, бу қарорни “ҲАМАС’га мукофот” деб атаганди.
Маълумот учун, 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС жангарилари Исроил жанубига ҳужум уюштириб, 1 200 кишини ўлдирган ва 251 кишини гаровга олган. Бу воқеадан сўнг Исроилнинг Ғазога бошлаган ҳарбий амалиётлари оқибатида бугунгача 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди ва ҳудуд вайронага айланди.
Изоҳ (0)