Келаси йили нафақалар ва моддий ёрдамга давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар қисқартирилади. Газ учун субсидия миқдори аввалги кутилмалардан кўпаяди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган Фискал стратегияда қайд этилган.

Жорий йилда давлат бюджетидан нафақалар, моддий ёрдам ва аҳолига бошқа имтиёзли тўловлар учун 17,4 триллион сўм ажратилиши кутилмоқда. 2026 йилда бу рақам қарийб 900 миллиард сўмга қисқартирилиб, жами 16,5 триллион сўм тўланади.
2023 йил ноябрда эълон қилинган 2024—2026 йилларга мўлжалланган Бюджетномада юқоридагидан фарқли кутилмалар берилганди. Масалан, 2023 йилда нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун бюджетдан 19,1 триллион сўм, 2024 йилда 18,63 триллион сўм ажратилиши прогноз қилинган. Шу билан бирга, 2025 йилда мазкур тўловларга 22,2 триллион сўм, 2026 йилга бориб эса 24 триллион сўм тўланиши кўзда тутилган.
Умуман олганда, 2024 йилда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари тўловларига 10,3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Янги кутилмаларга қараганда жорий учун бу миқдор 7,3 триллион сўмгача пасайган.
Фискал стратегияга кўра, жорий ва келгуси уч йилда бюджетдан ажратиладиган субсидиялар миқдор ошиб бориши кутилмоқда. Жумладан, 2025 йилда субсидияларга 28,3 триллион сўм, 2026 йилда 28,8 триллион сўм, 2027 йилда 29 триллион сўм йўналтирилади. 2028 йилда эса мазкур кўрсаткич 30,2 триллион сўмга етказилади. Субсидиялар таркибида энг катта миқдорни энергетика “тортиб олади”.
Мамлакат аҳолисига табиий газ ишлаб чиқарилган нархидан арзон сотилиши, шу сабаб кўрилган зарар давлат бюджетидан қопланиши айтиб келинади. Мазкур харажатлар учун жорий йилда қарийб 7 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда. Ваҳоланки, 2024–2026 йилларга мўлжалланган Бюджетномада газ учун 2025 йилда 6 триллион сўм субсидия берилиши кутилмаси ёзилган (1 триллион сўм қўшилган). 2026 йил учун эса 5 триллион сўм кўзда тутилган бўлса, янгиланган прогнозда бу рақам 6,5 триллион сўмга етказилган (1,5 триллион сўм қўшилган).
Аввалроқ 2025 йил 1-чораги бўйича бюджет ижроси тўғрисида маълумот берилганди. Унга кўра, 2024 йил мос даврига нисбатан давлат ходимлари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар 500 миллиард сўмга қисқартирилган. Давлат қарзининг фоиз тўловларига харажатлар бир йил аввалгига қараганда 800 миллиард сўмга ортганди. Уч ой давомида нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларига харажатлар қарийб 1 триллион сўмга қисқартирилганди.
Изоҳ (0)