Афғонистон Қўштепа канали орқали Амударё сувининг 20 фоизини қишлоқ хўжалиги ерларига оқизмоқчи. Масаланинг жиддий нуқталари “Толибон” ҳокимияти бирор давлат томонидан тан олинмаган, муваққат ҳукумат қўшни давлатлар билан дарё суви тақсимоти бўйича келишмаган. Таҳлилчилар фикрича, мазкур ҳолат келгусида жиддий низолар келтириб чиқариши мумкин. 14 май куни “Ватандош” интеллектуал клубининг навбатдаги сессиясида ушбу мавзу муҳокама қилинди.
-kps7vAu0.avif)
Қўштепа узунлиги 285 километрли, эни 100 метрли, чуқурлиги ўртача 8 метр бўладиган баҳайбат канал. Унинг қурилиши келгуси тўрт йил ичида якунланиши кутилмоқда.
Мулоқотда чиқиш қилган қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов канал ўзани мураккаб жойдан ўтганига урғу берди.
“Қўштепа орқали 550 минг гектар ерни суғориш режа қилинган. Канал ўтган ҳудудларнинг асосий қисми қум қатламларидан иборат. Ернинг мелиоратив ҳолати ҳам мураккаб. У ерларда 95 фоиз тупроқ шўрланган. Канал ўзани бошдан охиригача жуда кучли шамол бўладиган ерларда жойлашмоқда. Бу қазиш даврида икки томонга чиқариб юборилган қумларнинг шамол таъсирида қайта учрашига олиб келиши, канални тўлдириб юбориши мумкин. Шу билан бирга, кучли шамол янги жойлардан қум учириб келиши каби мураккаб жараёнларни юзага келтиради”, деди мутахассис.
Мулоқотда канал чўл зоналарда қурилаётгани учун унинг катта ҳажмдаги суви қумга сингиб кетиб, исроф бўлиши хавотирли экани айтилди. “Толибон” ҳалигача каналнинг қанча масофаси бетонланиши, қанчасига сунъий қопламалар тўшалиши бўйича аниқ маълумот бермаган.

“Агар бундай йирик канални бошидан охиригача бетонлашса, жуда катта маблағ талаб қилинади. Яна бир муаммо шундаки, Амударё суви иқлим ўзгариши сабаб камайиб боряпти. Энди дарё сувига Афғонистон ҳам шерик бўлса, сув 30 фоизгача қисқариши мумкин. Бу қўшни давлатларга ўзини салбий таъсирини кўрсатади.
Биринчи навбатда, йиллик оқим ҳажмидан келиб чиқиб, Марказий Осиё ва Афғонистон дарё сувини тақсимлашга ўрганиши керак. Масалан, Амударёда 30 фоиз сув камайса, белгиланган лимитлар ҳам қисқартирилиши зарур. Марказий Осиё давлатлари сув тақсимоти бўйича келишувга эришган. Жараёнга Афғонистонни ҳам жалб қилиш керак”, деди олим.
Мутахассислар Афғонистон БМТнинг трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциясига қўшилмагани ҳам хавотирли эканини урғулади.
Сиёсатшунос Фарҳод Толипов фикрига кўра, “Толибон” лойиҳани ўзбошимчалик билан бошлагани катта хато ҳисобланади.
“Улар ҳеч кимдан сўрамасдан, маслаҳат қилмай канал қуришни бошлаган. Хўш, Қўштепа канали муҳокамасини қилиб, аниқ бир хулосага келгач қурилиш бошлаш керакмиди? Ёки қурилишни бошлаб бўлгандан кейин “Толибон” билан келишамиз, улар ҳамкорликка рози деймизми? Агар сув оқиб кетаётган бўлса, қанақа ҳамкорлик ҳақида гапириш мумкин? Масаланинг оёғи осмондан бўлиб қолди.
Амударё трансчегаравий дарё деб ҳисобланади. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон зўрғагина Роғунни ҳисобга олганда, сиёсий муросага кела олди. Анча мунча шартнома, келишувлар билан Амударё оқими менежментини йўлга қўя бошлади. Канал қуриш тарафдорлари Амударё оқими жанубий қирғоғида жойлашган Афғонистоннинг ҳам дарёда ҳақи бор демоқда. Мен эса ҳақи йўқ деган фикрдаман. Ҳа, трансчегаравий дарё, ҳа, афғонлар қирғоқнинг нариги тарафида турибди. Лекин халқаро конвенцияга даҳли йўқ. Фақатгина тўғридан тўғри юзаки ёндашувлар, Афғонистон қирғоқни нариги тарафида турибди-ку дейиш етарли эмас. Бундай конвенциялар қаттиқ курашлар, можаролар билан қабул қилинган. Улар ҳам биларди дарё трансчегаравий эканини. Лекин дарров келиша олмаган. Жойлашув сабаб қирғоқда ҳақи бор дейиш нотўғри. Халқаро ҳуқуқ ундай ёзилмаган”, деди мутахассис.

Фарҳод Толипов фикрини давом эттирар экан, “Толибон” террористик ташкилот экани, улар билан келишиб бўлмаслигини айтди.
“Тинчлик истасанг, урушга тайёр тур”, деган қадимий ақида бор. Яхши ниятда “Толибон” билан келишса бўлади, уларга дон, бетон беряпмиз дейиш, ана шу қадимий донишмандликни унутиб юбориш дегани. Душман мен душманман, эртага сенга бостириб кираман, деб олдиндан огоҳлантирмайди. Шунинг учун ҳам ўқ ва порохингни қуруқ ушлаб тургин, деган тамойил тарихан мавжуд. “Толибон” билан биз қанчалик тинчликка эриша оламиз, бу катта савол. У дунёда тан олинган ташкилот ёки ҳукумат эмас. БМТнинг террористик ташкилотлар рўйхатида турибди. Қачон тан олинади-ю, олинмайди, бу ҳам тухум олдин пайдо бўлганми ёки товуқми деган масаладек гап. Шартномалар тузиб, кейин улар тан олиниши керакми ёки тан олиб бўлингандан кейин шартномалар тузиладими? Қанча зиддиятли ҳолатларга дуч келяпмиз. “Толибон”нинг халқаро статуси жуда мавҳум. Илиққина, чиройлигина гаплар билан ҳали тан олинмаган террористик ташкилот билан гаплашиш, менимча хаскашни босишдек гап. Хаскаш босилса, тақиллаб пешонага урилади”, деди сиёсатшунос.
Гидролог Собир Қодиров ўз чиқишида ХХ асрда нефть учун кураш бўлгани, XXI асрда эса сув учун кураш авж олишига урғу берди.
“Сув масаласида аҳвол жуда ҳам чатоқ. Қўштепа канали бўйича савол кўп. Бу канални ишлатишга Афғонистон тайёр эмас. Нормал мутахассислари, техникалари йўқ. Пулни Америка, техникани Хитой беряпти. Ўзлари шунчаки чуқур кавлаяпти, бўлди. Бизда Амударёдан Сурхондарё озроқ, Қашқадарё эса 90 фоиз сув олади. Шу билан бирга, дарёга Қорақалпоғистон, Бухоро ва Хоразм тўғридан тўғри боғлиқ. Канал энг аввало, инсонларга зарар келтиради. Ижтимоий-сиёсий ҳолат кескинлашади”, деди сув бўйича эксперт.

Собир Қодиров ўз чиқиши давомида “Толибон” мақсади сиёсий бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди. Мутахассис таҳлилига кўра, Қўштепа канали лойиҳаси мутлақо нотўғри тузилган.
“Толибон”нинг Қўштепа каналини қуришдан мақсади Ўзбекистон ва Туркманистонга сувни чиқармаслик. Чунки бу бошидан нотўғри лойиҳа. Бу худди фильмда кўп аскарлар ўрмонда маймунни учратиб қолиб, қўлига автомат бергани ва ҳайвон қуролни тириллатиб отиб ташлаган ҳолатига ўхшайди. Канални ҳам шунга ўхшаш одамлар қуряпти. Улар канал нималигини тушунмайди. Узунлиги 300 километрли Қўштепа каналига секундига 600 метр куб сув олишмоқчи. Аслида 173 минг километр узунликдаги каналга ҳам бунча куб сув олинмайди. Масалан, Туркманистоннинг 7 миллион аҳолиси бор. Бутун Туркманистонга битта канал 500 метр куб сув беради. Ҳозир Афғонистондаги Фароб деган жойга 600 куб сув олиб кетишмоқчи. Бу ақлга сиғмайдиган ҳолат. “Троя” деган кинода Аҳиллес Гекторни ўлдиришга келади. Гектор “кел келишиб оламиз, агар ким рақибини ўлдирса, ўлигини хор қилмайди”, дейди. Аҳиллес келишув бўлмайди дейди. Менимча, Қўштепа канали масаласида ҳам келишув бўлмайди. Ёмонроқ сценарийларга тайёр туравериш керак”, деди гидролог.
Мулоқот давомида иштирокчиларни мавзу юзасидан қизиқтирган саволларга жавоб берилди. Ҳукумат канал масаласида тезроқ расмий келишувга эришиши зарурлиги айтилди.
Изоҳ (0)