Қуёшда 1 август куни 15 та ёрқин чақнаш рўй берди. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясининг Фазовий тадқиқотлар институти ҳамда Қуёш—Ер физикаси институти маълум қилди.

Маълумотларга кўра, чақнашларнинг аксарияти Ер ва Қуёш ўртасидаги тўғри чизиқ бўйлаб жойлашган 4167 рақамли фаол ҳудудда содир бўлган. Қолганлари эса юлдузнинг турли юзаларида кузатилган. Шунингдек, олимлар 31 июль куни ҳам 6 та шундай ҳодиса қайд этилганини маълум қилмоқда. Тадқиқот маркази мутахассислари қуёш фаоллиги аста-секин барқарорлашаётганини ва ҳозирча ушбу ҳодисалар Ерга ҳеч қандай зарар етказмаганини маълум қилган.
Фазовий тадқиқотлар институтининг бош илмий ходими, физика-математика фанлари доктори Сергей Богачевга кўра, чақнашлар Қуёш ҳаётининг табиий белгиси ҳисобланади. У бундай портлашларни инсон юрак уриши билан таққослайди ва, аксинча, бундай ҳодисаларнинг содир бўлмаслиги хавфли эканини таъкидлайди.
Изоҳ (0)