Бир сўмдан юз минг сўмгача. Ўзбекистоннинг барча қоғоз пуллари
Миллий валютани мустаҳкамлаш, пул бирлигини барқарорлаштириш ва тартибга солиш мақсадида ҳар қандай мамлакатда ҳам пул ислоҳотлари, қадрсизланган пулни янгисига алмаштириш, янги банкноталарни муомалага чиқариш ишлари амалга оширилади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери шу вақтга қадар бир неча қийматдаги қоғоз пуллар чиқарилган. Уларнинг бир қисми бугун муомалада бўлса, айримларидан амалда фойдаланилмайди. «Дарё» Ўзбекистон Марказий банки томонидан 1994 йилдан муомалага киритилган барча қоғоз пулларни бир саҳифага жамлади.
Барча банкноталарнинг намуна учун чиқарилган суратлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий саҳифасидан олинди.
Бир сўм қийматидаги банкнота. 1994 йил чиқарилган бўлиб, 2020 йил 1 мартига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 120 х 62 мм. Банкнотанинг орқа томонидаги нақшли рамка ичида пушти-яшил фон билан Тошкент шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри биносининг фасад қисми ва майдонидаги фаввора тасвирланган. Фото: Марказий банк
Уч сўм қийматидаги банкнота. 1994 йил чиқарилган бўлиб, 2020 йил 1 мартига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 120 х 62 мм. Банкнотанинг ўртасида сарғиш фон билан Бухоро шаҳридаги «Чашмайи Аюб» тарихий-меъморий ёдгорлиги тасвирланган. Фото: Марказий банк
Беш сўм қийматидаги банкнота. 1994 йил чиқарилган бўлиб, 2020 йил 1 мартига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 142 х 69 мм. Банкнотанинг марказий қисмида Бухоро шаҳридаги «Минораи Калон» ёдгорлигининг меъморий лавҳаси тасвири устида кўк рангда Ўзбекистон герби жойлашган. Унинг иккала томонида геометрик шаклдаги безаклар ичида кўк-оқ рангдаги иккита «Семурғ» қуши тасвирланган. Фото: Марказий банк
Ўн сўм қийматидаги банкнота. 1994 йил чиқарилган бўлиб, 2020 йил 1 мартига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 142 х 69 мм. Банкнотанинг орқа томонида Самарқанд шаҳридаги тарихий-меъморий ёдгорлик — «Темурийлар мақбараси» («Гўри амир») акс эттирилган. Фото: Марказий банк
25 сўм қийматидаги банкнота. 1994 йил чиқарилган бўлиб, 2020 йил 1 мартига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 142 х 69 мм. Банкнота орқа томонида Самарқанд шаҳридаги «Шоҳи Зинда» меъморий ёдгорлиги тасвирланган.Фото: Марказий банк
50 сўм қийматидаги банкнота. 1994 йил чиқарилган бўлиб, 2019 йил 1 июлига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 142 х 69 мм. Банкнотанинг орқа томонида Самарқанд шаҳридаги «Регистон» тарихий-меъморий ансамбли тасвирланган. Фото: Марказий банк
Юз сўм қийматидаги банкнота. 1994 йил чиқарилган бўлиб, 2019 йил 1 июлига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 142 х 69 мм. Банкнотанинг орқа томонида Тошкент шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» саройи акс эттирилган. Фото: Марказий банк
Икки юз сўм қийматидаги банкнота. 1997 йил чиқарилган бўлиб, 2020 йил 1 июлига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 144 х 78 мм. Банкнота орқа томонида Самарқанд шаҳридаги «Шердор» мадрасасининг пештоқидан асос қилиб олинган қуёш кўтариб кетаётган шер тасвири бор. Фото: Марказий банк
Беш юз сўм қийматидаги банкнота. 1999 йил чиқарилган бўлиб, 2020 йил 1 июлига қадар муомалада бўлган. Ўлчами 144 х 78 мм. Банкнот орқа томонида от миниб турган Амир Темурнинг ҳайкали тасвирланган. Фото: Марказий банк
Минг сўм қийматидаги банкнота. 1999 йил чиқарилган бўлиб, ҳали ҳам муомалада. Ўлчами 144 х 78 мм. Банкнота орқа томонининг марказида Темурийлар тарихи музейи биноси тасвирланган. Фото: Марказий банк
Беш минг сўм қийматидаги банкнота. 2013 йил 1 июлидан чиқарилган бўлиб, ҳали ҳам муомалада. Ўлчами 144 х 78 мм. Банкнотанинг марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси меъморий биноси, бино гумбазининг тепасида Ўзбекистоннинг рангли байроғи тасвирланган.Фото:Марказий банк
Ўнг минг сўм қийматидаги банкнота. 2017 йил 10 мартидан чиқарилган бўлиб, ҳали ҳам муомалада. Ўлчами 144 х 78 мм. Банкнотанинг марказида Сенат меъморий биноси тасвирланган. Фото: Марказий банк
Эллик минг сўм қийматидаги банкнота. 2017 йил 22 августидан чиқарилган бўлиб, ҳали ҳам муомалада. Ўлчами 144 х 78 мм. Банкнота олд томонида Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси тепасидаги парвозга шайланган лайлаклар, марказида эса «Анжуманлар саройи» меъморий биноси тасвирланган. Фото: Марказий банк
Юз минг сўм қийматидаги банкнота. 2019 йил 25 февралидан чиқарилган бўлиб, ҳали ҳам муомалада. Ўлчами 144 х 78 мм. Банкнота олд томонида Мирзо Улуғбек ҳайкали, ҳайкалнинг ўнг томонида кўп функцияли устурлоб астрономик асбоби тасвири жойлашган. Фото: Марказий банк
2021 йил 14 июнидан номинал қиймати икки минг сўм ва 20 минг сўм бўлган банкнота кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарилди. Мазкур банкноталар мавзуси «Буюк ипак йўли» ва мамлакат ҳудудидаги қадимий Бухоро шаҳри ва Қорақалпоғистон тарихига бағишланган.
Икки минг сўмлик банкнота. Ўлчами 142 х 69 миллиметр банкнотанинг ўнг тарафидаги оч фонда қадимги «Буюк ипак йўли» карвон йўлининг рамзи сифатида туя ва «2000» рақами кўринишида сув белгилари жойлашган. Банкнота олд томони чап қисмида дастлаб милоддан аввалги I асрда қад кўтарган, эрамизнинг IX–Х асрларида қайта қурилган (ҳозирги қиёфаси, асосан, XVI асрда шаклланган) Бухоро аркининг кўриниши тасвирланган. «Хонатлас» фонида туширилган Ўзбекистон харитаси чизмасида кўк чизиқлар билан «Буюк ипак йўли»нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган. Юқори чап қисмида Бухоро шаҳрининг рамзи ҳисобланган «икки ўркачли туя» тасвири мавжуд. Банкнота орқа томонида милоддан аввалги IV–III асрларда қадимги карвон йўли ўтган Пойкенд шаҳрининг харобалари тасвирланган. Ўнг қисмида Бухоро вилояти ҳудудидаги «Варахша» археология ёдгорликларидан топилган VIII асрга тааллуқли деворий ганчкор безак тасвири ҳамда милоддан аввалги III минг йиллик даврига тегишли рўзғор идиши акс этган. Фото: Марказий банк
20 минг сўмлик банкнота. Ўлчами 147 х 69 миллиметр. Банкнотанинг ўнг тарафида оч фонда қадимги «Буюк Ипак йўли»нинг рамзи бўлган туя ва «20000» рақами кўринишида сув белгилари жойлашган. Банкнота олд томони чап қисмида ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида милоддан аввалги IV асрда қурилган, ХХ асрнинг 30 йилларида топилган «Қўйқирилган қалъа» меъморий ёдгорлиги тасвирланган. Юқори қисмдаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан «Буюк ипак йўли»нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган. Юқори чап қисмидаги Қорақалпоғистон халқининг каштачилик матоларида қўлланиладиган нақш безаги тасвири мавжуд. Банкнота орқа томонида милоддан аввалги IV асрга тегишли бўлган, Султон Увайс тоғларидан жанубий шарққа қараб кетган баландликлар тепасида жойлашган «Жонбос қалъа археология ёдгорлиги» тасвирланган. Ўнг қисмида милоддан аввалги VII–VI асрларда Орол–Каспий денгизи оралиғида яшаган халқларга тегишли сопол идиш ҳамда милоддан аввалги I асрга тегишли қадимий аҳоли томонидан зардуштлик маросимларида фойдаланилган туя кўринишидаги артефакт акс этган. Шунингдек, 2021 йил 26 августидан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати беш ва ўн минг сўм бўлган банкнотлар муомалага чиқарилди. Фото: Марказий банк
Шунингдек, 2021 йил 26 августидан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати беш ва ўн минг сўм бўлган банкнотлар муомалага чиқарилди.
Беш минг сўмлик банкнота. Ўлчами 142 х 69 миллиметр. «Хонатлас» фонида туширилган Ўзбекистон харитаси чизмасида кўк ранг билан «Буюк Ипак йўли»нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган. Юқори қисмида эса Самарқанд шаҳрининг рамзи ҳисобланган «қанотли қоплон» тасвири мавжуд. Фото: Марказий банк
Ўн минг сўмлик банкнота. Ўлчами 147 х 69 миллиметр. Унинг олд томони чап қисмида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасаси тасвирланган. Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан «Буюк Ипак йўли»нинг карвон йўллари йўналиши кўрсатилган. Банкнота орқа томонида Тошкент шаҳридаги Шоштепа археология ёдгорлиги тасвирланган. Ўнг қисмида Тошкентнинг қадимий ҳунармандчилик намуналари бўлган Х-XII асрларга тегишли сопол лаган ҳамда Х асрга тегишли рўзғор идиши тасвири акс эттирилган. Фото: Марказий банк
Марказий банк қиймати беш ва ўн минг сўмлик янги кўринишдаги ушбу пул белгилари муомалада бўлган 2013 йил намунасидаги беш минг сўмлик ва 2017 йил намунасидаги ўн минг сўмлик банкноталар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлиши, яъни 2013 йил ва 2017 йил намунасидаги беш ва ўн минг сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмаслигини таъкидлаган.
Қолаверса, Марказий банк вакили нега ушбу миқдордаги банкноталарнинг янги кўриниши чиқарилганига ҳам тўхталиб ўтган. Таъкидлашича, банкноталарни жаҳон амалиётида учрагани каби ягона мавзу атрофида мужассамлаштириш мақсад қилинган — иккала миқдордаги пул ҳам Буюк ипак йўли ва мамлакатнинг тарихига қаратилган.
Шунингдек, беш ва ўн минг сўм миқдоридаги ушбу янги банкноталарнинг эскисидан ажралиб турадиган яна бир қисми мавжуд: уларда кўриш қобилияти паст бўлган кишилар учун банкнота номинал қийматини билиш имконини берувчи махсус элемент ҳам жойлаштирилган.
2021 йил 22 декабридан янги кўринишдаги 50 минг ва юз минг сўмлик банкноталар чиқарилган бўлиб, ҳозирга қадар муомалада.
Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан «Буюк Ипак йўли» карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.Юқори чап қисмида Сурхондарё вилояти Сополлитепа археология ёдгорлиги топилмаси бўлган «нақшинкор тамға» тасвири мавжуд. Орқа томонида I-ВИИ асрларга тегишли бўлган Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимий ёдгорлик – «Фаёзтепа археология ёдгорлиги» тасвирланган. Марказий қисмида тинчлик рамзи бўлган «учаётган кабутар» тасвири мавжуд. Ўнг қисмида Сурхондарё вилояти Сополлитепа археология ёдгорлиги топилмаси бўлган милоддан аввалги XVII-ХВ асрларга тегишли икки хил кўринишдаги сопол идишлар тасвири акс эттирилган. Фото: Марказий банк
Қайд этиш лозим, 50 минг сўмлик банкнота муомалага чиқарилишидан олдин дизайнида камчиликлар аниқланган. 2021 йил 15 декабрь куни Марказий банк 2021 йилнинг 22 декабридан ушбу пул белгиларининг муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор имзоланганини маълум қилган эди. 10 декабрь куни «Azon.uz» нашри янги чиқаётган 50 минг сўмлик банкнота дизайнида чалкашлик, хато кетиб қолгани ҳақида ёзган.
Яъни банкнот намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилган, аммо мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилган. Марказий банк эса ҳолатга муносабат билдириб, ҳақиқатан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлигини тан олган.
«Мутахассислар билан қайта ўрганиш натижасида ҳақиқатан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлиги маълум бўлди. Шу сабабли Марказий банк янги дизайндаги 50 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилади», — дейилган хабарда.
Юз минг сўмлик банкнота. Ўлчами 152 х 69 мм. Банкнота олд томони чап қисмида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган «Ичан Қалъа» тарихий музейи тасвирланган. Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан «Буюк Ипак йўли» карвон йўллари йўналиши кўрсатилган. Юқори чап қисмида «Ичан Қалъа» тарихий музейи марказида жойлашган минора тасвири мавжуд. Орқа томонида III-ИВ асрларга тегишли бўлган қадимий Хоразм давлатининг пойтахти вазифасини бажарган қалъа — «Анкақалъа археология ёдгорлиги» тасвирланган. Ўнг қисмида Хоразм вилояти археология ёдгорлиги топилмаси бўлган Х асрга тегишли сопол идиш ва милоддан аввалги I асрга тегишли кумуш танга тасвири акс эттирилган. Марказий банк 2017 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлишини таъкидлаб ўтган. Фото: Марказий банк
Изоҳ (0)