Ўзбекистон Суперлигасининг 16-тур учрашувлари давом этмоқда. 2 август, шанба куни мусобақа доирасида бир нечта баҳслар бўлиб ўтди. Улардан бири Фарғонада, яна бири эса Жиззахда ўтказилди.

Турнинг марказий ўйинларидан бири Фарғонада бўлиб ўтди. Унда “Нефтчи” жамоаси Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини қабул қилиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўйиндаги биринчи гол 50-дақиқада “Бунёдкор”нинг хорватиялик футболчиси Мартин Сролер киритилди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, мезбонлар ҳимоячиси Боян Сигер жавоб голини киритиб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйин якунига арафасида, аниқроғи 87-дақиқада тошкентликлар вакили Сардор Абдунабиев аниқ зарба билан жамоасига муҳим уч очкони тақдим этди.
Мазкур ғалабадан сўнг “Бунёдкор” очколарини 30 тага етказиб, турнир жадвалида 3-ўринга кўтарилди. Худди шунча очкога эга “Нефтчи” 4-поғонага тушиб кетди.
Куннинг яна бир қизиқарли учрашуви Жиззахдаги “Марказий” стадионда ўтказилди. Унда мезбон “Сўғдиёна” Қаршининг “Насаф” клубига қарши майдонга тушди ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
Учрашувда тезкор гол киритилди: 6-дақиқада “Насаф” ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев ҳисобни очди — 0:1. 27-дақиқада Жиззах клуби ҳимоячиси Отабек Аҳадов автогол муаллифига айланди. Иккинчи бўлимнинг 58-дақиқасида “Сўғдиёна” футболчиси Рубин Ҳебай собиқ жамоаси дарвозасига тўп киритиб, ҳисобни қисқартирди. Бироқ бу гол мезбонлар учун етарли бўлмади ва натижа ўйин якунигача ўзгармади.
Ғалабадан кейин “Насаф” очколарини 36 тага етказиб, турнир жадвалидаги пешқадамликни мустаҳкамлади. “Сўғдиёна” эса 16 очко билан 11-ўринда қолмоқда.
Ўзбекистон Суперлигаси
16-тур
2 май, шанба
“Нефтчи” — “Бунёдкор” 1:2
Голлар: 0:1 — Сролер (50), 1:1 — Сигер (55), 1:2 — Абдунабиев (87)
“Сўғдиёна” — “Насаф” 1:2
Голлар: 0:1 — Норчаев (6), 0:2 — Аҳадов (автогол, 27), 1:2 — Ҳебай (58)
Изоҳ (0)