Бирлашган Араб Амирликларида фаолият юритаётган Россия компанияларининг банк ҳисоблари оммавий тарзда ёпилмоқда. Бу ҳақда RBC хабар берди.

Маълум қилинишича, сўнгги ойларда БАА банклари мамлакатда сони 4 мингдан ошиб кетган Россия компанияларини текшириш ва “тозалаш” жараёнини бошлаб юборган. Шу билан бирга, тўловларни мониторинг қилиш тизими ҳам сезиларли даражада кучайтирилган.
Консалтинг компаниялари ва юристларнинг айтишича, рус компанияларининг қарийб 20–30 фоизи банк текширувлари, фаолиятга нисбатан чекловлар ёки ҳисобларнинг тўғридан-тўғри ёпилишига дуч келмоқда.
Ҳисоб ҳатто мижоз банк қўнғироғига жавоб бермаса ёки белгиланган муддатда зарур ҳужжатларни тақдим қилмаса ҳам ёпилиши мумкин. Айрим ҳолларда банклар мижозлардан 24 соат ичида 20 тагача сертификатланган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилмоқда.
Шунингдек, юристларнинг билдиришича, банклар санкцияларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтирган. Натижада нафақат чекловга учраган компаниялар, балки АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан санкция рўйхатига киритилган шериклар билан ишлаётган фирмаларнинг ҳам ҳисоблари ёпилмоқда.
Маълумот ўрнида, Россия сўнгги пайтларда Ғарб давлатларига санкцияларни юмшатиш борасида мурожаат қилиб келмоқда. Москванинг асосий талабларидан бири — рус банклари учун SWIFT тизимига киришни қайта тиклашдан иборат.
Айни пайтда, Европа Иттифоқи Россияга қарши киритган асосий молиявий санкциялардан бири бу — банкларнинг SWIFT тизимидан узилиши бўлиб, бу чора Россия иқтисодиётини заифлаштириш ва Украинадаги урушни тугатишга қаратилган.
Изоҳ (0)