Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда имтиёзли тоифага кирувчи шахслар давлат ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати 2025 йил 1 июлга қадар қайта тасдиқланади.

“Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгиланишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан келишилган ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахслар даволанадиган касалликлар рўйхати ҳамда базавий нархларини касалликларни даволаш йўналишлари асосида барча тиббиёт ташкилотлари учун 2025 йил 1 июлга қадар қайта тасдиқлаши лозим.
Президентнинг 2024 йил 5-сентябрьдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бу сана 2025 йил 1 апрелгача деб белгиланганди. Ушбу қарорга тегишли ўзгартириш киритилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда туман (шаҳар) ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларида режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади:
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
- Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар;
2025 йил 1 июлдан давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига ўтказиладиган (12 та) тиббиёт муассасалари рўйхатига Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳам киритилди.
Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази 2027 йил 1 январдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига ўтказилади.
Ҳужжат билан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг харидини тартибга солиш муддатига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда тиббиёт муассасалари томонидан шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори воситалари ва тиббий буюмлар харидини амалга ошириш тартиби 2025 йил июлгача ишлаб чиқилиши керак.
Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг дастлабки харид суммасини белгилаш учун маркетинг тадқиқотларини ўтказиш тартибини тасдиқлаш муддати ҳам 2025 йил июль этиб белгиланди. Бунда харид нархини сунъий ошишининг олдини олишга, географик жиҳатдан яқин давлатлардаги ўртача нархларни ҳамда сўнгги уч йилдаги нархларнинг ўзгариш динамикасини таҳлил қилишга қаратилган чоралар белгиланади. Дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди маркетинг тадқиқотлари асосида лотларга бўлган ҳолда амалга оширилади.
Изоҳ (0)