Витаминлар, минераллар, макро ва микроэлементлар организмда кўплаб муҳим функцияларни бажаради. Уларнинг етарли бўлиши бевосита кундалик овқатланиш тартибига боғлиқ. Агар рацион мевалар, резаворлар, кўкатлар, сабзавотлар ва бутун донли маҳсулотлардан иборат бўлмаса, организмда турли хил фойдали моддаларнинг етишмовчилиги юзага келади. Бундай танқислик вақт ўтиши билан соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммоларга сабаб бўлади. Аммо тўғри ташкил этилган овқатланиш тартиби орқали бу ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.

Инсон организми мукаммал тузилган: ундаги бирор тизим ишдан чиқса, бу дарҳол ташқи кўриниш — юз терисида, танада, соч, тирноқ ҳолатида ёки кайфиятда акс этади. Аввало фойдали моддалар танқислигининг белгиларини кўриб чиқамиз:
Соч тўкилиши ва мўртлашуви
Сочлар табиий равишда янгиланиб туради, кунига 100 тагача соч тўкилиши нормал ҳолат ҳисобланади. Аммо сочлар сезиларли даражада сийраклашаётган бўлса ҳамда мўрт ва тез тўкилса, бу темир, рух ёки B3 ва B7 витаминлари танқислигидан дарак беради.
Тери қуриши ва кўриш билан боғлиқ муаммолар
Тери ҳаддан ташқари қуруқлашса, ёрилиб, кўчса, кўриш қобилиятида муаммолар юзага келса, бу А витамини танқислигининг белгиси бўлиши мумкин.
Тирноқларнинг заифлашуви
Соч ва теридан кейин витаминлар мувозанатига энг биринчи бўлиб тирноқлар жавоб қайтаради. Улар юпқа, мўрт ва синувчан бўлиб қолади. Бу кальций, B гуруҳи витаминлари ва C витамини етишмаслигини билдиради.
Сурункали чарчоқ ва тушкунлик
Агар кунни энди бошлаган бўлсангиз ҳам ўзингизни ҳолдан тойган ҳис қилсангиз, бу Д витамини етишмовчилигининг белгиси. Апатия ёки депрессив ҳолат эса магний, темир, рух, B гуруҳи витаминлари ёки Д витамини етишмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Милкларнинг қонаши

Агар милклар қонаб турса-ю, бу ҳолат стоматологик муаммоларга боғлиқ бўлмаса, демак организмда C витамини танқислиги юзага келган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Таҳлиллар топшириш зарурми?
Юқорида қайд этилган ва бошқа ўхшаш белгилар организмда фойдали моддалар ёки витаминларнинг нафақат етишмаслиги, балки баъзан ортиқчалигидан ҳам далолат бериши мумкин. Тахминлар қилиш хавфли, бунинг ўрнига қон таҳлили топшириб, организмингиздаги витаминлар кўрсаткичини аниқлаб олган маъқул. Айниқса, микроэлементларнинг қандай ўзлаштирилишини баҳолаш учун овқат ҳазм қилиш тизимини ҳам текшириб кўриш керак.
Витамин ва минерал моддалар танқислигини овқат орқали қандай тўлдириш мумкин?
- Хилма-хил овқатланиш
Ҳар куни мева, сабзавот, кўкат, резаворлар, ёнғоқлар, дуккаклилар ва бутун донли маҳсулотлардан иборат хилма-хил овқатланиш организмга зарур бўлган кўплаб моддаларни таъминлайди. Бундай диета жисмоний соғлиқ билан бир қаторда руҳий ҳолатга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
- Ҳар куни кўкатлар истеъмол қилиш
Асосий таомнинг камида учдан бир қисми янги узилган кўкатлардан иборат бўлиши керак. Кўкатларга уруғ, ёнғоқ сепиш ва зайтун мойи қўшиш орқали улар таркибидаги фойдали моддаларни максимал даражада сақлаб қолиш мумкин. Бу қоннинг биокимёвий таркибида макро ва микроэлементлар етарли даражада бўлишига хизмат қилади.

- Сабзавот ва кўкатларни ортиқча пиширмаслик
Овқат тайёрлаш жараёнида кўплаб фойдали моддалар йўқолади. Масалан, хом ва пиширилган исмалоқ ўртасида витаминлар миқдори бўйича сезиларли фарқ бор. Агар сиз эрталаб кўп миқдорда янги кўкат ейишга қийналсангиз, уларни атиги 1–2 дақиқа давомида енгил қовуриб ёки буғда пишириб истеъмол қилинг.
- Маҳсулотларни тўғри танлай билиш керак
Ҳар бир маҳсулот таркибида ўзига хос фойдали моддалар мавжуд. Агар сиз бирор маҳсулотни истеъмол қилмасангиз (масалан, сут), у ҳолда унинг муқобилини топинг. Кальций манбаи сифатида ловия, соя, шпрот балиқлари, петрушка ёки укропдан фойдаланиш мумкин.
- Оқсил етишмаслигига йўл қўйманг
Инсон қандай овқатланиш турини танламасин, кўпинча унинг рационида оқсил миқдори етарли бўлмайди. Агар сиз товуқ гўштини истеъмол қилмасангиз, уни оқсилга бой бошқа маҳсулотлар билан алмаштиринг. Масалан, курка, жигар, дуккакли маҳсулотлар, қўзиқорин, ёнғоқ ва уруғлар.
Изоҳ (0)