Самарқанд шаҳрида олтин маъданлари жойлашган махфий хариталарни “пулламоқчи” бўлган хусусий корхона директори ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида геологик хизматлар кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий корхона директори келгусида ноқонуний бойлик орттириш мақсадида маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, муқаддам ўзининг Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида масъул лавозимларда ишлагани ҳамда ўзида Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудларида амалга оширилган геологик-қидирув ишлари натижасида яратилган олтин маъданлари жойлашган махфий геологик харита ва фотосуратлар борлигини айтиб, уларни 25 минг АҚШ долларига сотмоқчи эканини айтади.
ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс келишилган пуллардан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тегишли ташкилотлар берган хулосага кўра, ушбу шахс иддао қилаётган ҳеч бир маълумот махфий ҳисобланмайди.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)