АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакати Украинадаги урушни молиялаштириш учун пул бермаслигини маълум қилди. Бу ҳақда UNIAN нашри хабар берди.
Трампнинг сўзларига кўра, урушнинг тўхтамаётганига шахсий келишмовчиликлар сабаб бўлмоқда. Бироқ охир-оқибат уруш тўхтатилади. Шу билан бирга, у Украина учун хавфсизлик кафолатлари тафсилотлари ҳали муҳокама қилинмаганини ҳам таъкидлади.
“Европа мамлакатлари уларга (Украинага) сезиларли хавфсизлик кафолатлари беришга тайёр ва улар буни қилишлари керак. Чунки бу уларнинг қитъаси. Лекин биз ҳам бунда иштирок этамиз — қўллаб-қувватлаш нуқтайи назаридан. Биз уларга ёрдам берамиз. Агар келишувга эришилса, биз тинчликни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки мен одамлар ўлимини тўхтатишни хоҳлайман”, деган АҚШ раҳбари.

Шунингдек, у Байден маъмуриятининг Украинага берган ёрдамига тўхталиб, бу миқдор 350 миллиард долларни ташкил этганини эслатди.
“Мен Зеленскийни учратганимдаги энг буюк савдогар деб атаганман. Чунки у ҳар сафар бошқа мамлакатга келганда 50 миллиард доллар билан қайтади. Лекин биз энди Украинага ҳеч қандай пул бермаймиз. Аксинча, ҳаммаси тескари: улар НАТО орқали мурожаат қилиб, ракета сўрайди. Биз НАТОга ракета сотамиз. НАТО бизга тўлайди ва улар ракеталар билан хоҳлаганини қилади”, деган Трамп.
Трамп Россия президенти Владимир Путиннинг Украина президенти Владимир Зеленскийни ёқтирмагани учун у билан учрашмаслигини ҳам айтиб ўтди.
“Путин уни ёқтирмайди. Уни ёқтирмайди, тушуняпсизми? Менинг ҳам ёқтирмайдиган одамларим бор. Улар билан учрашишни хоҳламайман. Хўш, уларни қандай қилиб бир жойга йиғиш мумкин? Улар ҳақиқатан ҳам бир-бирини ёқтирмайди”, деган Америка етакчиси.
У, шунингдек, “АҚШда сохта сайловлар орқали ҳокимиятга келган раҳбар эмас, ҳақиқий сайловлар орқали танланган президент бўлганида, уруш бошланмаган бўлишини” таъкидлади. Бу гаплари яна бир бор собиқ президент Жо Байденга қаратилган эди.
“Путин аниқ айтган: агар Трамп президент бўлганида, бу содир бўлмаган бўларди”. Бу кўплаб сабабларга кўра юз берди. Бу Афғонистондаги вазият туфайли ҳам рўй берди. Путин Милли ва бошқа барча одамларнинг қанчалик ночорлигини кўриб, энди вақт келди, деб ўйлаган. Украина эса доим унинг учун мазали бўлак бўлган. Агар мен президент бўлганимда, бу ҳеч қачон юз бермаган бўларди”, дея хулоса қилган Дональд Трамп.
Президент Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Украина ойига камида 1 миллиард долларни иттифоқчилардан олади. Бу маблағ Америка ишлаб чиқарган қуролларни харид қилишга йўналтирилиши режалаштирилган.
Бу орада Германия молия вазири Ларс Клингбайл Берлиннинг Украинага йилига 9 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратишини билдирди. Бу ёрдам камида икки йил давом этади.
Изоҳ (0)