Иордания Ҳошимийлар подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн президент Шавкат Мирзиёев билан Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасини бориб кўрди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, меҳмон ўзбек халқининг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмаларни томоша қилган. Рақс жамоаларининг чиқишлари намойиш этилган.

“Бу ерда халқимизнинг буюк ўтмиши рамзлари тўпланган, тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларининг нусхалари барпо этилган. Миллий анъаналаримиз билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган. Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди”, дейилади манбада.




Аввалроқ 25 август куни Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб боргани, кейин Абдулла II ибн ал-Ҳусайн ҳам мазкур вилоятга ташриф буюргани хабар қилинган. Меҳмон Ўзбекистон президенти ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда, Регистон мажмуалари ва Амир Темур мақбарасини зиёрат қилган.
Эртага, 26 август куни Ўзбекистон-Иордания саммитининг асосий тадбирлари, шу жумладан олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Мулоқотда сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)