Марказий Осиёда янги ўқув йили бошланиши доимо ота-оналар учун “Болам қаерда ўқийди?” деган саволни келтириб чиқаради. Илгари танлов асосан уйга яқин давлат мактаби билан чекланган. Эндиликда эса кўпроқ оилалар хусусий таълимни афзал кўрмоқда.
Бунга бир нечта сабаб бор: хусусий мактабларда синфлар кичикроқ, тартиб-интизом кучлироқ, хавфсизлик ва индивидуал ёндашув эса юқорироқ даражада таъминланади. Бундай муассасаларда таълим жараёни фақат дарс билан чекланмайди, балки болалар учун “тўлиқ кунлик дастур” ташкил этилади: машғулотлар, уй вазифаларини бажариш, турли тўгаракларга қатнашиш шулар жумласидандир. “Акчабар” нашри Марказий Осиё давлатларидаги хусусий мактабларнинг нархи ҳақида маълумот берди.

Баъзи хусусий мактаблар робототехника, қўшимча хорижий тиллар, спорт, IT ҳамда бугунги кунда талаб юқори бўлган SMM каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Агар ўқувчи ўзлаштиришда қийинчиликка дуч келса, тютор дарсларга қўшилиб, боланинг дастурни ўзлаштиришдан четда қолмаслигига ёрдам беради. Бу ота-оналар учун фарзанди доимий назоратда эканининг кафолатидир. Давлат мактабларида эса бундай имконият деярли мавжуд эмас, чунки бир синфда 40 нафаргача бола ўқиши мумкин.

Қирғизистон: арзондан элитагача
Қирғизистонда хусусий мактабларда таълим олиш нархлари жуда катта фарқ қилади. Масалан, Теnsai International School’да бошланғич синфларда ўқиш йилига тахминан 5,2 минг доллар, юқори синфларда эса 5 минг 750 доллар туради. Кембриж дастури бўйича ўқиш қимматроқ: эрта тўлов қилинганда 7,2 минг доллар, августдан кейин эса 9,6 минг долларгача.
Bilimkana International Kids’да бошланғич синфларда бир йиллик ўқиш ойига 457 доллар, юқори синфларда эса тахминан 600 долларни ташкил этади, стипендиялар ҳам мавжуд. Эрудит мактаби бошланғич синфларда 3,6 минг доллар, юқори синфларда эса 4 минг долларлик таълимни таклиф этади. Smart School’да бир йиллик курс 2 минг 861 доллар, Indigo Sapamда эса 4,5 минг доллардан бошланади.
Қирғизистондаги энг қиммат мактаблардан бири — BIC, у ерда таълим нархи йилига 15 минг доллардан бошланади. Аvenir International School’да эса бошланғич синф нархи ойига 423 доллар, ўрта синфларда эса 480 доллар атрофида бўлади.
Қозоғистон
Қозоғистонда, айниқса, Олмаота шаҳрида хусусий мактаблар машҳур. Bayterek School’да ўқиш нархи ойига тахминан 274 долларни (йилига 2466 доллар, 9 ойлик таълимда) ташкил этади. Коulа.kz мактабида эса 443 доллар. Space School бир йиллик дастурни 4 минг 908 долларга таклиф қилмоқда.
Олмаотадаги Miras халқаро мактаби премиум сегментга киради: бошланғич синфда ўқиш йилига деярли 9,6 минг долларга тушади, юқори синфларда эса 12 минг 927 долларга етади. Galaxy International School’да нархлар йилига 8 минг 319 доллардан бошланади.
Ўзбекистон
Мамлакатда хусусий мактаблар бозори тез суръатда ривожланмоқда. Тошкентдаги Artel TS мактабида ўқиш учун ойига 358 доллар (йилига 3200 доллардан ортиқ, 9 ойлик таълим бўйича) тўланиши лозим, бунда бир оиланинг иккинчи фарзандига чегирма берилади. CIS Tashkent эса энг қиммат мактаб ҳисобланади: 3-синфда ўқиш йилига деярли 19 минг доллар, 9-синфда эса 24 минг доллардан бошланади.
Бунга нисбатан арзонроқ вариант Оxbridgе International School томонидан таклиф этилади: бошланғич синфлар учун йилига 7 660 доллар, юқори синфлар учун эса 9085 доллар. Wise School’да нарх ойига тахминан 437 долларни ташкил этади. Diplomat International School’да ойлик тўлов 628 долларга етади, аммо ой бошланишидан олдин тўлов амалга оширилса, у 596 долларгача пасаяди. Бундан ташқари, мактаб бир марталик кириш бадали сифатида тахминан 318 доллар ундиради.
Тожикистон
Тожикистонда аҳоли даромадлари билан солиштирганда нархлар юқори. “Билимлар империяси” мактабида йиллик таълим нархи қуйи синфлар учун 2 362 доллардан, юқори синфлар учун 2 545 долларгача. Ruyo School’да эса дастур тилига қараб нархлар фарқланади: инглиз дастури йилига 2 минг 899 доллар, рус тилида эса 2 минг 577 доллар.
“Шахсият” мактабида ҳам таълим тилига қараб нархлар ўзгаради. Тожик ва рус гуруҳларида бир йиллик ўқиш нархи 1 минг 610 доллар, инглиз гуруҳида эса деярли 1 минг 933 доллар.
Таълим нархи ва иш ҳақи
Иш ҳақи даражаси билан таққослаш шуни кўрсатадики, минтақадаги хусусий мактабларда ўқиш оиланинг ўртача даромадидан анча қимматга тушади.
Қирғизистонда ўртача иш ҳақи тахминан 473 долларни ташкил этади, ўқишнинг минимал нархи эса йилига тахминан 2,8 минг доллар. Қозоғистонда маош анча юқорироқ — 825 доллар атрофида, аммо яхши мактабда ўқиш ҳам камида 3,3 минг доллар туради.
Ўзбекистонда ўртача даромад 476 доллар, энг арзон вариантлар йилига тахминан 3200 долларга тушади. Аммо топ-мактаблар 20 минг доллардан ошади. Энг кескин тафовут Тожикистонда қайд этилган: ўртача иш ҳақи атиги 279 доллар, хусусий мактабда ўқиш эса 1,6 минг доллардан бошланади.
Энг қиммат мактаб Тошкентда
Агар мамлакатлар бўйича қаралса, энг қимматлари Ўзбекистонда жойлашган. Масалан, CIS Тashkent’да ўқиш йилига 24 минг доллардан баҳоланади. Шу билан бирга, энг арзон вариант Тожикистонда.
Қирғизистон ва Қозоғистонда эса мактаблар нархи анча мувозанатли, аммо у оиланинг ўртача даромадидан анча юқори. Ота-оналар хусусий мактабларни сифат, хавфсизлик ва фарзандларининг келажаги сабабли танламоқда. Аммо бу имконият ҳамма учун ҳам очиқ эмас. Таъминланган қатлам учун эса бундай мактаблар нафақат таълим маскани, балки ижтимоий мавқе кўрсаткичига ҳам айланмоқда.
Изоҳ (0)