Буюк Британиянинг жанубий соҳили яқинидаги Уайт оролида сайёҳлик вертолёти қулаши оқибатида уч киши вафот этди, яна бир киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Sky телеканали хабар бермоқда.

“Бугун эрталаб Уайт оролида юз берган вертолёт ҳалокати натижасида уч киши ҳалок бўлди. Вертолётда жами тўрт киши бўлган, улардан бири ҳозирда оғир аҳволда шифохонада даволанмоқда”, дейилади Хемпшир ва Уайт ороли полицияси баёнотида.
Ҳозирча ҳалокат сабаблари аниқланмаган. Британиянинг Авиация ҳодисаларини текшириш бошқармаси (АAIB) маҳаллий оммавий ахборот воситаларига “бугун эрталаб Уайт оролида енгил вертолёт билан содир бўлган ҳодиса” ҳақида хабардор қилинганини ва воқеани ўрганиш учун махсус гуруҳ жўнатилаётганини маълум қилган.
Кейинроқ вертолёт оператори, сайёҳлик парвозлари ва учиш дарслари бўйича хизмат кўрсатувчи Northumbria Helicopters компанияси маҳаллий ОАВга берган изоҳида вертолётда тўрт киши бўлганини тасдиқлаган. Шунингдек, компания ҳалокат юз берган пайтда вертолётда учиш дарси ўтказилаётганини ҳам маълум қилган.
Жаҳон парвозлар хавфсизлиги жамғармаси веб-сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган вертолёт Америка ишлаб чиқарувчиси Robinson Helicopter компаниясининг енгил кўп мақсадли тўрт ўринли тижорат модели - Robinson R44 Clipper II эканлиги аниқланди.
Бундан аввал Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида EC-145 ҳарбий вертолёти радарлардан йўқолиб қолгани хабар қилинганди.
6 август куни Гананинг Ашанти вилоятида ҳарбий вертолёт қулаб тушиши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида икки нафар вазир ҳам бор.
Изоҳ (0)