Бутун дунёда ҳомиладор аёлларнинг ярмидан кўпи оғриқ ва иситмани даволаш учун қабул қиладиган парацетамол (ацетаминофен) болаларда асаб тизими ривожланишининг бузилиши хавфи билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тадқиқот натижалари Environmental Health (EH) журналида эълон қилинди.

Халқаро олимлар гуруҳидан иборат янги кенг қамровли тадқиқот ацетаминофеннинг ҳомила ривожланишига таъсири бўйича ўтказилган 46 та илмий ишнинг натижаларини умумлаштирган. Уларнинг ярмидан кўпи ҳомиладорлик пайтида бу дори воситасини қўллаш ва диққат етишмовчилиги ҳамда гиперактивлик синдроми (DYGS) ва аутизм спектри бузилишлари каби ҳолатларнинг юзага келиш эҳтимоли ўртасида статистик жиҳатдан муҳим боғлиқликни кўрсатган. Айниқса, биомаркерлардан фойдаланган ва болаларни узоқ вақт давомида кузатган энг ишончли тадқиқотлар хавф ҳақида энг аниқ маълумотларни берган.
Олимларнинг таъкидлашича, бу препарат йўлдошдан осон ўтади ва гормонал бошқарув, иммунитет жараёнлари ва оксидланиш стрессининг механизмларига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса уни шаклланаётган мия учун потенциал хавфли қилади. Айниқса, DYGS билан боғлиқлик сезиларли, 20 та тадқиқотнинг 14 тасида оналари ҳомиладорлик даврида парацетамол қабул қилган болаларда бу касаллик ташхиси қўйилиши частотаси ошганлиги аниқланган. Саккизта ишнинг бештасида аутизм билан ҳам шундай боғлиқлик топилган. Баъзи ҳолларда дозага боғлиқ реакция кузатилган. Препарат қанчалик кўп ва узоқ вақт қўлланилса, хавф шунчалик юқори бўлган.
Тадқиқотчилар дори воситаси ва бола миясининг ривожланиши ўртасидаги боғлиқликни аниқроқ ўрганиш учун турли хил беморлар гуруҳлари иштирокида янада каттароқ ва батафсил лойиҳаларни режалаштирмоқда. Келажакдаги ишларнинг мақсади нафақат ушбу хавфни тасдиқлаш ёки инкор этиш, балки ҳомиладор аёлларда оғриқ ва иситмани даволашнинг хавфсизроқ усулларини топишдан иборатдир.
Изоҳ (0)