Хитойдаги Маn Wаh Holdings номли йирик мебел компанияси ўз ишчиларига нисбатан қўллаётган қатъий ва ноодатий талаблари билан интернетда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Компания раҳбарияти ходимларга иш вақтида ойнага қараш ва иш столида овқатланишни тақиқлаган. Бу қоидани бузганларга эса 280 долларгача жарима солиниши мумкин.

Бундай талаблар ёритилган пост савдо бўлимининг юқори лавозимли вакили Лю томонидан май ойида эълон қилинган, бироқ фойдаланувчилар унга яқинда эътибор бера бошлашган.
Постда ёзилишича, компания ишчилари фақат ўз иш столида бўлиши, раҳбарият топшириқларини сўзсиз бажариши ва керак бўлса, қўшимча соатлар ҳам ишлаб бериши шарт. Ким бу қоидаларга бўйсунишни истамаса, компания у билан меҳнат шартномасини бекор қилади.
Бундан ташқари, сабабсиз ҳолда 10 дақиқадан ортиқ иш жойини тарк этиш, компьютерни ўчирмай кетмаслик, стулни белгиланган тартибда қўймаслик учун ҳам жазо берилади. Ҳар бир ишчи кун давомида олти маротаба махсус варақани тўлдириб, ишда эканлигини исботлаб туриши лозим.

“Агар ходимлардан бири иш столида овқатланаётганда ушланса, бош менежер 2000 юан (280 доллар), бўлим раҳбари 1000 юан (140 доллар), менежер ёрдамчиси эса 500 юан (70 доллар) жарима тўлайди”, деб ёзган Лю.
Шу билан бирга, у мана шундай тартибга доим амал қилган, топшириқларни виждонан бажараётган ходимлар рағбатлантирилишини ҳам билдирган. Унинг сўзларига кўра, жиддий ишламаётганлардан йиғилган жарима пуллари айнан интизомли ходимларга мукофот сифатида берилади:
“Мен уларнинг жаримасидан ҳақиқий меҳнаткашларга бонус тўлайман”, деган Лю.
1992 йилда ташкил этилган Маn Wаh Holdings компаниясида ҳозирда 27 минг нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Бироқ бу талаблар барча бўлимларга тааллуқлими ёки фақат айримларига, ҳозирча аниқ эмас. Айни пайтда ҳолат юзасидан ички текширувлар бошланган.
Хитойдаги “Кангда” юридик фирмаси юристи Яо Кун тушунтиради: мамлакат меҳнат қонунчилигида бундай кескин чоралар назарда тутилмаган. Айниқса, иш берувчи ходимнинг шахсий ҳудуди ва ҳуқуқини бузишга йўл қўйилмайди.
Изоҳ (0)