Бугун, 28 июль куни таниқли бастакор ва созанда Султонали Раҳматов вафот этди. Бу ҳақда марҳумнинг оиласига яқин ижодкор Дониёр Ғойипов “Дарё”га маълум қилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султонали Раҳматов оламдан ўтди. Хабар қилинишича, марҳум қандли диабет, жигар циррози ва буйракда сув йиғилиши касалликлари билан оғриган. Инфаркт оқибатида вафот этган.
“Бугун касалхонадан оиласи билан учрашиш учун рухсат беришганди. Марҳум Тошкент шаҳридаги Чиғатой қабристонига дафн этилади. Жаноза 29 июль куни пешин намозидан кейин ўқилади”, дея маълум қилди манба.
Жорий йил 11 июль куни машҳур мусиқа устаси соғлиғи ёмонлашиб, шифохонанинг жонлаштириш бўлимида экани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ижодкорнинг яқинлари касалхона харажатларини қоплаш учун саховатпеша инсонлардан ёрдам сўраган. Султанали Раҳматов оғир юрак хуружини бошдан кечиргани, қаровсиз қолиб кетгани каби маълумотлар ҳам тасдиқланган.
Маълумот учун, созанда 1970 йил 13 январда Тошкент шаҳрида туғилган. 2010 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонини олган. 2006 йилда Нью Йорк қироллик академияси композитори бўлган. Шу билан бирга, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси, Мудофаа вазирлиги қошидаги қуролли кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари бўлиб ишлаган.
- “Дунёни забт эта оламан, бу қўлимдан келади”. Султонали Раҳматов чет элдан ижодий ҳамкорлар излаётгани ҳамда 300 минг долларга сотган альбоми ҳақида (видео)
- “Унга қўл кўтарганимдан афсусдаман”. Таниқли композитор Султонали Раҳматов хонанда Нилуфар Саидова билан ажрашиши сабаби ҳақида (видео)
Султонали Раҳматовнинг “Ўзбекистон”, “Ҳаёт гули”, “Наврўз”, “Валс”, “Шарқ таронаси” ва бошқа кўплаб мусиқалари машҳур.
Изоҳ (0)