Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон яна бир бор мамлакатининг Украина масаласида етакчилар учрашувини қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши якунлари бўйича халққа мурожаатида билдирган.

Унинг таъкидлашича, Анқара можаронинг бошиданоқ мувозанатли ва тинчликпарвар позицияни сақлаб келмоқда.
“Ғалла йўлаги ва асирлар алмашинуви бизнинг тинчликка йўналтирилган сиёсатимиз натижасидир. 16 май куни бўлиб ўтган музокараларнинг биринчи босқичидан сўнг ҳар икки томондан мингта асир алмаштирилди. 2 июнда ўтказилган иккинчи босқич натижаларига кўра, 997 нафар ҳалок бўлган россиялик ҳарбий эвазига 7060 нафар украиналик ҳарбий хизматчининг жасади топширилди”, деди Туркия президенти.
Шунингдек, у Туркиядаги музокаралар жараёнида Украина можаросига барҳам берадиган тинчлик келишувига эришилишига умид билдирган.
“Фикримизча, бу уруш аллақачон тугаши керак. Биз доимо етакчилар даражасидаги учрашувларни ўз ҳудудимизда ўтказишга тайёрмиз. Худди Истанбулда (Украина бўйича) музокаралар столи тузилганидек, яқин келажакда Туркияда ҳам тинчлик столи тузилади ва бу қонли урушга чек қўйилади”, деди Эрдўғон.
23 июль куни Истанбулда Украина масаласини ҳал этиш бўйича тўғридан-тўғри Россия-Украина музокараларининг учинчи босқичи бўлиб ўтди. Тўлиқ таркибдаги учрашув олдидан делегациялар раҳбарлари Владимир Мединский ва Рустем Умеров юзма-юз суҳбатлашди. Тўлиқ таркибдаги музокаралар тахминан 40 дақиқа давом этди, томонлар меморандумлар лойиҳаларида баён этилган позицияларни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида томонлар нафақат ҳарбийлар, балки фуқароларни ҳам алмаштиришга келишиб олишди. Россия Украинага сиёсий, ҳарбий ва инсонпарварлик масалаларини ҳал қилиш учун онлайн тарзда учта ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Москва Киевга Украина Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг яна 3 минг жасадини топширишни, шунингдек, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини йиғиш учун фронт чизиғида қисқа инсонпарварлик танаффусларига қайтишни таклиф этди.
Изоҳ (0)