Қирғизистонда депутатлар давлат тилини қўллаш билан боғлиқ айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Бу ҳақда 24.кг хабар берди.

Янги тузатишларга кўра, қуйидаги шахслар учун қирғиз тилини билиш мажбурияти жорий этилади:
- парламент депутатлари,
- Вазирлар Маҳкамаси раиси ва аъзолари,
- Конституциявий, Олий ва маҳаллий судлар судьялари,
- прокурорлар, терговчилар,
- Миллий банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда миллий хавфсизлик ходимлари.
Шунингдек, адвокатлар ва нотариуслар ҳам қирғиз тилини етарли даражада билмаса, лицензия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Бундан ташқари, “Телевидение ва радиоэшиттириш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, кўрсатув ва эшиттиришларнинг камида 60 фоизи давлат тилида бўлиши шарт.
Яна бир муҳим ўзгариш – “Ташқи миграция тўғрисида”ги қонун билан боғлиқ. Эндиликда, давлат тилини етарли даражада билмаслик мамлакатда доимий яшаш учун рухсатнома беришни рад этишга асос бўлади. Чет эл фуқаролари ҳам қирғиз тилини билмаса, иммигрант мақомини ололмайди.
Давлат тилида тайёрланган реклама матни тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига ва имло қоидаларига мувофиқ бўлиши лозим. Бундай матнлар маҳаллий ҳокимият органи томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
Тил қонунчилигини бузган жисмоний шахсларга 5 минг сом (тахминан 711 минг сўм), юридик шахсларга эса 17 минг сом (салкам 2 миллион 416 минг сўм) миқдорида жарима солинади. Бироқ бу меъёр жисмоний шахслар учун тил билиш даражаси бўйича қонунчиликда кўрсатилган талабларга тааллуқли эмас. Қоидабузарликларни кўриб чиқиш ва жарима солиш ваколати Давлат тили ва тил сиёсати бўйича Миллий комиссияга юклатилади.
Изоҳ (0)