Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистондаги тўй маросимида чигирткалар босқини юз бергани ҳақида видеолар тарқалди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги буни рад этди.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати ходимлари видеода акс этган ҳолат ҳақида 16 июндан 17 июнга ўтар кечаси хабар топган. Чигирткалар тўдасини бартараф этиш мақсадида Тўрткўл туманида кучайтирилган мониторинг олиб борилган, бироқ манзил топилмаган. Тўрткўл тумани аҳолисидан ҳам чигирткалар босқини ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган.
Карантин агентлигининг Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматлари ҳудудий бўлимлари томонидан барча вилоятларда кучайтирилган назорат олиб борилган, бироқ ўрганишлар натижасида тўйда чигирткалар ёпирилган ҳудуд аниқланмаган.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида қўшни давлатлар билан телефон орқали ахборот алмашинилган. Туркманистоннинг Ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати директори ўринбосари Хўжагелди Гужумов телефон мулоқотида тўй маросими Лебоп вилоятида ўтказилгани ва ёруғликка чигирткалар тўдаси ёпирилганини маълум қилган. Лебоп вилояти Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими раҳбари Арслан Дурдигилижов маълумотни тасдиқлаган ва ҳудудда кимёвий ишлов олиб борилганини билдирган.
Агентлик матбуот хизматининг маълум қилишича, тасвирдаги чигирткалар саксовул букри чигирткаси бўлиб, Ўзбекистонда асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида учрайди. 18 июнь ҳолатига кўра, республикада 869,6 минг гектар майдонда кузатув-назорат ишлари олиб борилиб, 503,2 минг гектар майдонда кимёвий кураш тадбирлари ўтказилди.
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши курашиш бўйича кучларни бирлаштириб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
Ўзбекистонда 2025 йилда 608 минг гектар майдонда чигиртка тарқалиши прогноз қилинган. Бироқ иқлим ўзгариши, йил сайин ҳаво ҳароратининг ошиб бораётгани зарарли чигирткалар майдони кенгайишига олиб келиши мумкин. Чигиртка босқини билан боғлиқ барча мурожаатларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида ҳудудларда тезкор штаблар ташкил этилиб, чигиртка хизмати 24/7 режимига ўтказилган.
Изоҳ (0)