Қирғизистон билан чегарадаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктида июль ойидан электрон навбат тизими жорий этилади. Бу ҳақда Қирғизистон Божхона хизмати раиси Алмаз Салиев маълум қилди.

Салиевнинг таъкидлашича, мазкур назорат-ўтказиш пункти энг гавжумларидан бири ҳисобланади. У Ўш вилоятида, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган.
Биз инсон омилини истисно қилишга, юк ва транспорт ҳаракатини тартибга солишга, кутиш вақтини камайтиришга ва тирбандликларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқдамиз, деди божхона хизмати раҳбари.
Энди чегарани кесиб ўтиш учун ҳайдовчиларга мобил телефон орқали электрон навбатга туриш ва ўзига қулай вақтни танлаш кифоя. Бундай тизим дастлаб Қизил-Қиядаги назорат-ўтказиш пунктида синов тариқасида жорий этилган. Лойиҳа яхши натижаларни кўрсатган, назорат-ўтказиш пунктининг ўтказиш қобилияти бир неча баробар ошган. Алмаз Салиев кейинчалик мазкур лойиҳа барча назорат-ўтказиш пунктларида кенгайтирилишини таъкидламоқда. Ҳозирда қирғиз-қозоқ чегарасида электрон навбатни жорий этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
18 июндан бошлаб Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси участкасидаги учта автомобиль ўтказиш пункти — “Қадамжой-автодорожний”, “Чечме-автодорожний” ва “Оқ-Қия-автодорожний” куну тун ишлашни бошлаганди. Бундай қарор Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара идоралари раҳбарларининг музокаралари якунлари бўйича қабул қилинган.
Мақсад — айниқса, туристик мавсум даврида чегарани кесиб ўтаётган фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш. Энди Ўзбекистон фуқаролари исталган вақтда Шоҳимардон анклави ва Қурбон кўл, Дугоба ва Гаувян даралари каби гўзал жойларга ташриф буюриши мумкин бўлади. Назорат-ўтказиш пунктларидан фақат Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўтиши мумкин. 24 соатлик иш режими 2025 йил 1 октябргача давом этади, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати хабарида.
Изоҳ (0)