Қирғизистонда қабул қилинган давлат тили тўғрисидаги қонун амалдорларни ўз ишини қирғиз тилида юритишга мажбур қилади, мамлакатда расмий тил мақомига эга бўлган рус тилини камситмайди, деди президент Садир Жапаров.
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қирғизистонда давлат хизматчиларига қирғиз тилида иш юритиш мажбуриятини юкловчи қонунни “демократияга зид”, деб атаганди.
“Қонунда рус тилини дискриминация қилиш ҳақида модда мавжуд эмас. Аксинча, рус тили расмий тил сифатида қўлланилиши кўрсатилган. Бу қоида Конституцияда ҳам бор”, — деди Жапаров “Кабар” ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Унга кўра, янги қонун ўқитувчи ва шифокорларга тааллуқли эмас. Жапаровнинг қайд этишича, Қирғизистон фуқаролари учун рус тили қирғиз тили каби зарур.
“МДҲ давлатлари билан рус тилисиз ҳамкорлик қилиб бўлмайди. Хитой, араб давлатлари ва Европага борганимизда ҳам рус тилида гапирамиз. Бу ҳолатда биз ўз тилимизни тўлиқ ўзлаштирмоқчимиз. Давлат амалдорлари, депутатлар ярми русча, ярми қирғизча гапиришади. Ҳеч биримиз на русча, на қирғизчани тўлиқ билмаймиз”, — деди Садир Жапаров.
Президент қирғиз ва рус тилларини тенг ўзлаштиришга, керак бўлса, инглиз, француз, хитой ва бошқа тилларни ҳам ўрганишга чақирди.
Изоҳ (0)