Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Остона шаҳрида “Марказий Осиё - Хитой” иккинчи саммитида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни устувор йўналишларда кенгайтириш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти нутқининг аввалида ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали минтақанинг барқарор тараққиётини қўллаб-қувватлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
2023 йилда Сиан шаҳрида ўтган биринчи саммитдан сўнг “Марказий Осиё - Хитой” форматидаги ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, котибият ташкил этилди, вазирлар ва экспертлар учрашувлари ва йиғилишларини ўтказиш механизмлари ишга туширилди, кенг кўламли ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси шакллантирилмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда, жорий йилда бу кўрсаткич 100 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
“Бизнингча, бир томондан, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айланган Марказий Осиёнинг ўзидаги чуқур трансформация жараёнлари, бошқа томондан, Хитой раҳбариятининг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва “Белбоғ ва йўл” глобал концепциясини илгари суришга қатъий содиқлиги ушбу форматдаги ҳамкорликнинг ривожланишига имкон бермоқда”, деди давлат раҳбари.
Сўнг Ўзбекистон етакчиси минтақавий ҳамкорликни яна-да ривожлантириш бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди. Аввало, бу галги учрашув халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашган бир шароитда ўтаётгани таъкидланди. Рақобатнинг ортиши кескинликнинг зўрайишига, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга янги хавф ва таҳдидлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.
”Низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди ва бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан – музокаралар столида ҳал этилиши шарт”, деди президент.

Шу муносабат билан саммит давомида минтақавий барқарорликни таъминлашга умумий ҳисса қўшадиган Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу шартномани ривожлантириш мақсадида аниқ механизм ва лойиҳаларни киритган ҳолда Узоқ муддатли шериклик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, Хитой билан савдо, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияларини амалга оширишда кучли локомотив бўлиб хизмат қилмоқда.
Минтақа мамлакатларининг ўсиб бораётган салоҳияти ва Хитойнинг саноат соҳасидаги етакчилигини бирлаштириш билимлар билан алмашиш ва технологиялар трансферининг самарали механизмларига эга бўлган умумий кенг имкониятлар макони пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.
Янги иқтисодий шериклик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ҳамда Бош вазир ўринбосарлари даражасида Савдо ва инвестициялар бўйича ҳудудлараро кенгашни таъсис этиш бу борадаги амалий қадам бўлади. Ўзбекистон томони кенгашнинг биринчи йиғилишини жорий йил охиригача ўтказишга тайёрлиги билдирилди.

Савдо алоқаларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон президенти ”Рақамли макон ва йўл” доирасида ”Рақамли Ипак йўли” кўп томонлама савдо платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек, регламент ва стандартларни яқинлаштириш, экспорт маҳсулотларини Хитой талаблари асосида сертификатлаш учун Тошкент шаҳрида Саноатда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш минтақавий марказини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Бизнес, етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва муҳандислик марказларини жалб қилган ҳолда, технологиялар трансфери бўйича алоҳида ”йўл харитаси”ни қабул қилиш таклифи билдирилди.
Ўзбекистон етакчиси иқтисодий салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш учун саноат ва инфратузилмавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлигига алоҳида тўхталди. Шу мақсадда ”Марказий Осиё - Хитой” саноат ва инфратузилма макони” узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Хитой инвестициялари, технологик ва илмий ечимларини жалб қилган ҳолда, ўзаро боғланган саноат кластерлари, технопарклар ва логистика хаблари тизимини яратиш шулар жумласидан. Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой энергетика тизимларини ўзаро боғлаш, жумладан, юқори кучланишли электр узатиш линиясини барпо этиш мегалойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳам диққат билан ўрганилиши лозим.
Минтақавий аҳамиятга молик йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қодир бўлган самарали молиявий воситаларни жорий этиш масаласи алоҳида долзарблик касб этмоқда.
”Бугунги кунда амалда бўлган халқаро механизмлар, ҳеч шубҳасиз, муҳим рол ўйнамоқда, аммо минтақанинг инвестицияга бўлган талабини тўлиқ қоплай олмаяпти. Экспертларнинг хулосасига кўра, Марказий Осиёни инфратузилмавий ривожлантиришда капитал қўйилмалар тақчиллиги бир неча юз миллиард доллар деб баҳоланмоқда”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Шу муносабат билан инфратузилмавий ташаббусларни илгари суриш учун самарали платформа бўла оладиган ”Марказий Осиё - Хитой” тараққиёт фондини таъсис этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

Марказий Осиё ва Хитойнинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш яна бир устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
”Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошлангани Евроосиё маконидаги янги транспорт ва транзит коммуникациялари тизимининг муҳим элементи экани таъкидланди. Шу билан бирга, Трансафғон темир йўл магистрали лойиҳасини амалга ошириш яна-да кенг имкониятлар эшигини очади.
”Ушбу стратегик соҳа истиқболига оид умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун транспорт идораларимизга дала тадқиқотларини олиб бориш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш имкониятларини ўрганиш, муқобил йўлаклар бўйича юкларни ташиш борасида синов тариқасидаги лойиҳаларини амалга ошириш учун экспертлар гуруҳларини шакллантириш юзасидан топшириқ беришимиз зарур, деб ҳисоблайман”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Ушбу гуруҳлар ишининг натижалари асосида келгуси саммитга қадар транспорт йўлаклари ва замонавий транзит инфратузилмасининг ягона харитасини шакллантириш бўйича аниқ ва асосланган таклифлар ишлаб чиқилиши керак.

Давлат раҳбари иқлим ўзгаришининг барқарор ривожланиш учун жиддий таҳдидларига эътибор қаратиб, 2030 йилгача мўлжалланган “Яшил” ривожланиш дастурини қабул қилишни жадаллаштириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, қурғоқчил ва чўл ҳудудларида биоэкологик барқарорликни ошириш бўйича мулоқот ва шериклик учун Экологик альянсни тузишга чақирди.
“Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида тўхталишни истар эдим. Айнан ушбу йўналишлар бугунги кунда миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини белгилаб, узоқ муддатли ўсишнинг драйвери бўлмоқда”, деди президент.
Иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор рақамли инфратузилмасини шакллантириш мақсадида катта маълумотлар базалари ва процессинг марказларининг Ўзаро интеграциялашган банклар тармоғини яратиш, шунингдек, асосий энергетика ва транспорт йўналишлари бўйлаб “Марказий Осиё - Хитой” оптик толали алоқа линиясининг рақамли трассасини барпо этиш таклиф қилинди.
“Халқларимизнинг бир-бирининг маданиятини ўзаро бойитиш ва яқинлашишга бўлган умумий интилиши – бу бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Бугун қабул қилинаётган Ўзаро ташрифларни енгиллаштириш бўйича ташаббус ва Маданий-гуманитар тадбирлар дастури айнан шу мақсадларга қаратилган”, деди президент.

Бу борадаги ҳамкорликни яна-да мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойнинг тарихий-маданий ресурсларини ўзида мужассам этган, тадқиқотчилар, талабалар, сайёҳлар ва креатив индустрия вакилларини қамраб олган “Ипак йўли маданий мероси” ягона рақамли порталини яратиш таклиф қилинди.
Шунингдек, профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш, университет ректорлари форумлари, фанлар академиялари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарларининг учрашувларини ўтказиш орқали умумий илмий-таълим платформасини шакллантириш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан президент терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик, ноқонуний миграция ва кибержиноятчиликка қарши курашишда махсус хизматлар ва хавфсизлик кенгашлари орқали кўп томонлама ахборот алмашиш механизмларини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
“Биз учун нафақат қўшни, балки умумий тарихий-маданий ва иқтисодий маконимизнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистон муаммоларига халқаро ҳамжамият эътиборининг пасайиши жиддий ташвиш уйғотмоқда”, деди Ўзбекистон етакчиси.

Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан ҳамкорлигида тўпланган бой тажрибани қайд этиб, Ўзбекистон президенти ушбу мамлакатнинг тикланишига кўмаклашиш ва уни минтақавий интеграция жараёнларига жалб этиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича юқори даражадаги гуруҳни таъсис этишни таклиф қилди. Гуруҳ учрашувини Термиз шаҳрида Афғонистон вакиллари иштирокида ўтказишга тайёрлик билдирилди.
Давлат раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон “Марказий Осиё - Хитой” форматидаги очиқ мулоқот, прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори экани таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида давлат раҳбарлари Остона декларацияси ва Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди.

Саммит якунида камбағалликка қарши, чўлланишга қарши курашиш, таълим соҳасидаги ҳамкорлик марказлари ҳамда тўсиқсиз савдо бўйича ҳамкорлик платформасини ишга тушириш маросими бўлди.
Изоҳ (0)