Ўзбекистонда гиёҳвандлик моддаларини “наркограффити” — ноқонуний ташкил этилган интернет-дўкон манзили ҳақида маълумот девор ва йўлакларга чизиш усули орқали тарқатиш кескин ортмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасида ўтказилган мажлисда маълум қилинди.
Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, жумладан, уларни истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларга ёшларни, айниқса, вояга етмаганларни жалб қилиш ҳам кўпайиб бормоқда. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида гиёҳвандликка чалинганлар сони ортиб бормоқда.
“Юқоридаги ҳолатлар гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида ишларни жадаллаштириш, барвақт профилактика чора-тадбирлари самарадорлигини оширишни талаб этмоқда”, — дейилади хабарда.
Шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан асослантирилган жавоб олиш мақсадида Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўрови юборди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август бошларида ДХХ Самарқанд вилоятида гиёҳванд моддалар олди-сотдиси билан шуғулланиб келган гуруҳни қўлга олганди. Ўшанда Ургут туманида яшовчи 1978 ва 1986 йилларда туғилган опа-сингил 911 грамм опий гиёҳвандлик моддасини 12 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган. Шунингдек, Тошкентда Kia машинасида наркокурьерлик билан шуғулланган шахс ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)