Қамоққа олинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олди олинади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Унга кўра, қонун билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилди. Киритилган қўшимчага асосан қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин улар ҳибсхонанинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади.
Мажбурий тиббий кўрик қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига олиб келинган пайтдан эътиборан 2 соат ичида ўтказилади. Бунда қамоққа олинганнинг розилиги билан унинг адвокати ҳам иштирок этиши мумкин.
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича белгиланган намунадаги тиббий маълумотнома расмийлаштирилади.
Тиббий кўрик чоғида қамоққа олинганнинг танасида жароҳат, шикастланиш ва яралар аниқланганда, улар белгиланган тартибда қайд этилиб, бу ҳақда қамоққа олинганга маълум қилинади ва зудлик билан прокурорга хабар берилади.
ИИБ биносига юриб бориб, ўлик ҳолда қайтганлар
Марҳум Муҳаммадқодир Ички ишлар вазирлигига қарашли бинолардан ўлиги чиққанларнинг навбатдагиси ҳисобланади. 2020 йил январь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида, июнь ойида эса Андижон вилоятининг Андижон шаҳридаги ИИБ биноларидан ўликлар чиқди. Андижондаги ИИБ биносида жон берган Алижон Абдукаримов беш йил аввалги қимматбаҳо тош можароси сабаб ИИБга тергов қилиш учун олиб борилган бўлса, Чироқчи туман ИИБдан ўлик ҳолда чиққан Юсуф Абдураҳмонов мол ўғрилигида гумонланиб, сўроқ қилинганди. Ҳар иккиси ҳам ИИБ ходимларининг зўравонлиги, сўроқ қилинаётган гумонланувчига нисбатан куч ишлатиши ортидан вафот этган.
“Чироқчи воқеаси” айбдорлари ишини кўриб чиққан Олий суд судьяси Камолиддин Толлибоев раислигидаги судлов ҳайъати марҳум Юсуф Абдураҳмонов ўлимида айбланганлар — Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Нурбек Овлаевни 9 йилга, жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Анвар Жонқобиловни 8 йил 6 ойга, 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган Шерзод Раҳмоновни 6 йилга, Адҳам Тожиноровни 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинганди. Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган Бобурмирзо Ғайратовга эса 2 йил ИИБда ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаганди.
Андижонлик фуқаро ўлимига сабабчи бўлганлар ҳам жазосиз қолмади, албатта. 2020 йил 27 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биносида судланувчилар Д.Ҳамралиев 9 йилга, Қодиров, Райимжонов ва Ҳасанбоевлар 10 йилга, П.Мамажонов 8 йил 6 ойга, А.Тўрақулов 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)