Қонунчилик палатасининг 24 июндаги мажлисида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Таъкидланишича, тадбиркорлик субъекти томонидан электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, табиий газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилса жавобгарликка фақат ташкилотларнинг мансабдор шахслари тортилмоқда. Бу борада ҳуқуқбузарлик содир этган якка тартибдаги тадбиркорларни эса жавобгарликка тортиш асослари белгиланмаган.
Хусусан, 2024 йилда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан энергияни беҳуда сарфлаш билан боғлиқ 17,6 мингта, газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 7,6 мингта ҳолат аниқланган.
Бундан ташқари, Ўзэнергоинспекциянинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколатлари қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилмаган. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига ҳам ушбу соҳада маъмурий баённома расмийлаштириш ваколати берилмаган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзэнергоинспекциянинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш ваколати аниқ белгиланмоқда. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига эса ёритиш учун электр энергиясидан беҳуда хўжасизларча фойдаланиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштириш ваколатини бериш таклиф этилмоқда. Шунингдек, энергия ресурсларидан беҳуда фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик субъекти сифатида белгиланмоқда.
Электр энергияси, газ ва сув тармоқларига қонунга хилоф равишда уланиб, уларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан нималар ўзгаради?
Жиноят кодексидаги электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш учун белгиланган жарима миқдори оширилмоқда. Белгиланган маъмурий жазодан сўнг такроран содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жазо кучайтирилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бир неча моддаларига қўшимча ва аниқлаштирувчи нормалар киритилмоқда.
Жумладан:
- якка тартибдаги тадбиркорларнинг жавобгарлиги аниқ белгилаб қўйилмоқда;
- газ ва электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланишга оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималар оширилмоқда;
- назорат органи – Ўзэнергоинспекциянинг ваколатлари аниқлаштирилмоқда;
- ички ишлар органлари ва ФВВ ходимларига тегишли ваколатлар берилиши назарда тутилмоқда.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг мақсади – энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни беҳуда сарфланишига чек қўйиш ва самарадорликни ошириш ҳисобланади.
Ўзбекистонда 2023 йил июнь ойидан электр, иссиқлик, газ ёки водопроводдан ноқонуний фойдаланиш ўғрилик деб белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганди. Мазкур ҳуқуқбузарлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Ҳуқуқбузарликни оз миқдорда содир этганларга БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
Изоҳ (0)