Қозоғистон пойтахти Остонада Қозоғистон ва Марказий Осиёда рўйхатдан ўтказилган илк спот Bitcoin ETF — Fonte Bitcoin Exchange Traded Fund OEIC PLC (BETF) савдоси бошланди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Аstana International Exchange (AIХ, Биржа) матбуот хизмати хабар берди.

“Fonte Capital Ltd компанияси бошқарадиган BETF жамғармаси инвесторларга биткоин нархлари ўзгаришидан тартибга солинган ва шаффоф тарзда фойдаланиш имконини беради, бунда активга бевосита эгалик қилиш шарт эмас”, дейилади биржа хабарида.
AIХ бозорлари ва маҳсулотлари бўйича бошқарувчи директори Биржан Астаевнинг айтишича, Қозоғистондаги биринчи спот Bitcoin BETF’нинг дебюти мамлакат капитал бозорини ривожлантиришда янги саҳифа очиб, рақамли активларни инвестиция саноатининг асосий йўналишига айлантиради.
“Бу қадам Қозоғистонни тартибга солинадиган рақамли молиянинг асосий минтақавий марказига айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир”, дея қўшимча қилди у.
BETF’нинг ҳар бир акцияси жисмонан биткоин билан таъминланган бўлиб, уни сақлаш вазифасини АҚШнинг BitGo Тrust кастодиани бажаради.
Активлар 250 миллион долларгача суғурталанган бўлиб, бузилиш ёки маблағларни йўқотиш хавфини камайтириш учун совуқ офлайн сақлаш ва ҳимояланган омборхоналардан фойдаланилади.
Жамғарма “Остона” халқаро молиявий маркази (AIFS) томонидан бошқарилади. AIFS вакиллари таъкидлашича, бу марказ халқаро санкциялар орқали активларни музлатиб қўйишдан ҳимоя қилиш ва чет эл эмитентларига қарамликни камайтириш имкониятини яратиши мумкин.
AIFS аллақачон рақамли активлар учун ҳуқуқий базани жорий этиб, ўз ҳудудида лицензияланган биржалар, кастодианлар ва инвестиция маҳсулотлари фаолиятига рухсат берган.
Fonte Capital таъкидлашича, BETF инвесторларга “юқори даражадаги назорат ва ишончлиликни сақлаб қолган ҳолда портфелга биткоин қўшишнинг қулай усулини” тақдим этади.
Изоҳ (0)