АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия президенти Владимир Путин иштирокидаги уч томонлама музокаралар учун жой излаяпти. Бу ҳақда CBS News телеканали хабар берди.

Канал манбаларининг сўзларига кўра, Вашингтон, Киев ва Москва музокаралари келаси ҳафтанинг охирида бўлиб ўтиши мумкин. Телеканал бошқа тафсилотларни маълум қилмаган. Бу уч томонлама музокараларни ўтказишга доир ҳаракатлар бошлангани ҳақидаги илк хабар ҳисобланади.
Уч томонлама учрашувгача Дональд Трамп ва Владимир Путин музокараларни Алясканинг энг йирик шаҳри Анкориждаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида ўтказади. Саммит 15 августга режалаштирилган.
Аввалроқ Трамп, Владимир Зеленский ва Владимир Путин иштирокидаги уч томонлама учрашувни ташкил қилишни режалаштираётганини айтганди. Путин эса август бошида Украина етакчиси билан учрашишга қарши эмаслигини билдирган, бироқ бунинг учун муайян шарт-шароитлар яратилиши кераклигини ва ҳозирча бунга ҳали анча борлигини таъкидлаган эди.
АҚШ ва Россия президентлари учрашуви олдидан Зеленский ва Европа етакчилари Трамп билан телефон орқали боғланиб, Аляскадаги музокаралар олдидан умумий позицияни ишлаб чиқишди.
Изоҳ (0)