Россияда мамлакат бўйича энг машҳур икки мессенжер - Telegram ва WhatsApp орқали қўнғироқларга қисман чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда “Роскомнадзор” матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, ушбу чора фирибгарлик, пул ундириш, қўпорувчилик ва террорчилик фаолиятига жалб қилиш учун бу иловалардан фойдаланадиган жиноятчиларга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган.
Идоранинг аниқлик киритишича, чекловлар фақат қўнғироқлар функциясига тааллуқли бўлиб, иловаларнинг қолган функциялари ўзгаришсиз қолади.
Давлат Думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси аъзоси Антон Немкиннинг таъкидлашича, қўнғироқларни блоклаш фуқароларни телефон ва интернет фирибгарликларидан ҳимоя қилиш учун зарур. Унинг сўзларига кўра, Telegram ва WhatsApp жиноятчилар россияликларни алдайдиган асосий платформалардир.
Бироқ, Россия Марказий банкининг 2025 йил февралда эълон қилинган 2024 йилги сўровига кўра, фирибгарлар маълумотлар ва пулларни ўғирлаш учун мессенжерлардан (15,7 фоиз ҳолатларда) кўра уяли алоқа ва SMS хабарлардан (45,6 фоиз ҳолатларда) уч баравар кўпроқ фойдаланадилар. Шундай бўлса-да, Роскомнадзор асосий эътиборни айнан мессенжерлардаги қўнғироқларни чеклашга қаратган.
Чекловларга жавобан Telegram ўз платформасидаги зарарли фаолият, жумладан, фирибгарлик ва зўравонликка чақириқларга қарши фаол курашаётганини маълум қилди.
“Telegram биринчи бўлиб қўнғироқлар учун батафсил махфийлик созламаларини жорий этди, шунда ҳар бир фойдаланувчи кимдан қўнғироқларни қабул қилиш ёки уларни бутунлай ўчиришни мустақил равишда белгилаши мумкин”, дейилади мессенжер хабарида.
Шунингдек, Telegramда модераторлар сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиб, ҳар куни миллионлаб зарарли хабарларни аниқлаши ва ўчириши ҳақида хабар берилди.
Июнь ойи охирида Россия президенти Владимир Путин давлат хизматлари портали билан интеграциялашган марказлаштирилган хизмат - МАХ мессенжерини яратиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Ўша ойда Давлат Думаси якуний ўқишда интернетда экстремистик материалларни қасддан қидириш ва уларга кириш, шу жумладан VPN’дан фойдаланганлик учун жарималар тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳуқуқбузарлар 3-5 минг рубль миқдорида маъмурий жаримага тортилиши мумкин. Бундан ташқари, VPN’дан фойдаланиш энди жиноят содир этишда оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади.
Изоҳ (0)