Тунис суди собиқ президент Монсеф Марзукини давлат хавфсизлигига таҳдид солишда айблаб, сиртдан 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги маълум қилди.

“Мен бу судьяларга шундай дейман: сизларнинг ҳукмларингиз ҳақиқий эмас... Яқин орада сизларни ҳам суд қилишади. Демократия қайтиб келади”, деб ҳукм ҳақида изоҳ берди Парижда муҳожирликда яшаётган 79 ёшли Марзуки.
Ушбу ҳукм Марзукига нисбатан учинчи ҳукм бўлди. Бундан аввал собиқ президент ҳокимиятга қарши айбловлар билан боғлиқ ишлар бўйича узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У бу айбловларни сохта деб ҳисоблайди.
Марзуки суд таъқиблари уни қўрқитмаслигини ва Тунисга қаттиқ назорат остидаги бошқарув эмас, балки демократия зарурлигини таъкидламоқда.
Марзуки 2011—2014 йилларда давлат раҳбари лавозимини эгаллаган. У амалдаги президент Қайс Саидни парламентни ҳокимиятдан четлатганидан сўнг авторитар тузум ўрнатганликда айблаяпти. Саид эса ўз навбатида, унинг ҳаракатлари мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун зарур бўлганини таъкидламоқда.
Саид 2019 йилда давлат раҳбари этиб сайланган ва 2024 йилда иккинчи муддатга қайта сайланган.
Тунисдаги иқтисодий инқироз
Тунис бир неча йил мобайнида иқтисодий инқирозни бошдан кечирди, аҳоли озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса қаҳва, сут ва шакарни топишда қийинчиликларга дуч келди. 2021 йил ёзида Саид ҳукуматни истеъфога чиқарди ва парламент фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бундан ташқари, у ўз ваколатларини кенгайтирган янги конституция қабул қилинишига эришди.
Бироқ Саид ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашига қарамай, иқтисодий вазиятни яхшилай олмаган.
2023 йилда мамлакатда президент Қайс Саиднинг истеъфосини талаб қилиб бир неча бор оммавий норозилик намойишлари ўтказилди.
Изоҳ (0)