Сурия ва Туркия Мудофаа вазирликлари мудофаа соҳасида ҳамкорлик бўйича янги битимни имзоладилар. Бу ҳақда Суриянинг SANА ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Битим Сурия араб армиясининг жанговар қобилияти ва касбий маҳоратини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли йўналишларни ўз ичига олади. Хусусан, махсус курслар ва ўқув дастурларида иштирок этиш учун мунтазам равишда ҳарбий ходимлар алмашинуви кўзда тутилган. Бу икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги тайёргарлик даражасини ошириш ва ҳамкорликни яхшилаш имконини беради.
Суриялик ҳарбий хизматчиларни терроризмга қарши курашиш, киберхавфсизлик, миналардан тозалаш, ҳарбий муҳандислик, логистика каби устувор йўналишларда профессионал тайёрлаш, шунингдек, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тинчликпарварлик операцияларида иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, битимда техник ёрдам кўрсатиш ҳам назарда тутилган. Жумладан, Туркия Сурия араб армиясининг қўмондонлик тузилмалари, қурол-яроғлари ва ташкилий тизимларини модернизация қилишда кўмаклашиш учун мутахассис экспертларни юборади. Бу Сурия ҳарбий секторини ислоҳ қилишда муҳим қадам бўлади.
“Ҳар икки томон Сурияда мамлакат суверенитети, барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлай оладиган замонавий, интизомли ва жанговар армияни барпо этишга содиқликларини таъкидладилар”, дейилади хабарда.
Бундан аввал Сурия ҳукумати мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва терроризмга, жумладан, ИШИД гуруҳига қарши курашда Туркиядан ёрдам сўрагани ма`лум қилинганди.
Изоҳ (0)