2025 йилнинг ўтган етти ойида электромобиллар импорти ўтган йил мос давридагига қараганда икки баравар кўпайди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълумот берди.

Жорий йил январь июль ойларида Ўзбекистонга умумий қиймати 293,2 миллион долларлик 20 873 дона электромобиль импорт қилинди. Бу тарихий кўрсаткич бўлиб, олдинги йиллар мос даврларида бундай рақам қайд этилмаган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг дастлабки етти ойида республикага хориждан 155,8 миллион долларга 10 536 та электромобиль олиб кирилган.
Умуман олганда, 2024 йилда жами қиймати 224,7 миллион долларлик 24 091 дона электромобиль импорти амалга оширилган.
Эътиборли жиҳати бензинда ҳаракатланувчи енгил автомобиллар импорти кескин қисқариш трендига ўтган. Жумладан, жорий йилнинг етти ойида 195,9 миллион долларлик 9 498 та автомобиль олиб кирилган. Ўтган йил мос даврида эса қарийб 509 миллион доллар эвазига 23 219 та машина импорт қилинганди. Гибрид автомобиллар импорти ҳам икки давр оралиғида 7 265 донадан 1 852 донага қисқарган.
Аввалроқ жорий йил июлида енгил электромобиллар савдоси кескин ўсгани хабар қилинганди. Ой давомида Ўзбекистонда 6,5 минг дона электромобиль сотилган. Бу ойлик савдолар ҳажми бўйича рекорд ҳисобланади.
Изоҳ (0)