2022 йилда Мадонна автобиографик фильм устида иш бошлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Эндиликда маълум бўлишича, мухлисларни кино эмас, балки Netflix платформасида намойиш этиладиган бир неча қисмли сериал кутмоқда.

Deadline нашрининг ёзишича, лойиҳа ҳозирда дастлабки ишлаб чиқиш босқичида. Сериал продюсери сифатида “Идеал жуфтлик”, “Кўринмас нур” сериаллари ҳамда “Асосий қаҳрамон” ва “Дедпул ва Росомаха” фильмлари режиссёри Шон Леви ишламоқда.
Таъкидланишича, минисериал илгари Универсал студияси томонидан суратга олиниши режалаштирилган тўлиқ метражли биографик фильмга алоқадор эмас. Ўша вақтда фильмда поп мусиқанинг қироличаси ролини уч карра “Эмми” мукофоти соҳибаси Жулиа Гарнер ижро этиши кўзда тутилган эди.
Ҳозирча Мадонна карьерасининг айнан қайси даври сериалда ёритилиши номаълум. Шунга қарамай, кўпчилик “Озарк” сериали юлдузи Жулиа Гарнер ушбу сериалда ҳам Мадоннанинг образини гавдалантиришига ишонмоқда. Сабаби 2023 йилда Гарнер хонанданинг Celebration Tour гастрол концерти доирасида саҳнада у билан бирга кўриниш берган эди. Бу эса актрисанинг ёш Мадонна ролига танланишини қўллаб-қувватлаганини кўрсатади.
Мадонна бир неча бор ўз ҳаёт йўлини экран орқали кўрсатиш истагини билдирган.
“Бу дунёда ҳали айтилмаган кўплаб илҳомлантирувчи ҳикоялар бор, уларни мендан яхшироқ ким ҳикоя қилиб бера олади?”, деган эди у.
Изоҳ (0)