Электр таъминоти корхоналари инспекторлари ҳам бодикамера билан фаолият юритишни бошлади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти “Энергосавдо” Самарқанд филиалида “Э-далолатнома” расмийлаштириш тизими йўлга қўйилган бўлиб, туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарига 158 дона планшет ажратилган.

“Инспекторлар томонидан ҳар бир далолатнома ушбу планшетлар орқали тузилиб, тизимга киритилади. Қоғоз далолатномалардан фарқли равишда ҳар бир далолатноманинг ҳисоби юритилади, унинг ижроси таъминланади”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманидаги инспекторларга 54 та бодикамера берилган. Уларнинг истеъмолчилар билан муомала, мулоқоти, жойларда ўтказган ўрганиш ишлари ушбу камералар орқали ёзиб олинади.
Маълумот учун, ушбу соҳада жорий йилнинг олти ойида биргина Самарқандда 3893 та далолатнома расмийлаштирилиб, 186 миллиард 361 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Изоҳ (0)