Google фойдаланувчиларининг маълумотлари хакерлар томонидан амалга оширилган муваффақиятли ҳужум оқибатида ўғирланганини тан олди. Ҳужум компаниянинг маълумотлар базасига таъсир ўтказган. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.
Манбага кўра, бу қандайдир техник носозлик эмас, айнан хакерлик ҳужуми бўлган. Ҳужум 2025 йилнинг июнь ойида содир бўлган.
Google Threat Intelligence Group 2025 йил 5 август куни ижтимоий тармоқларда пост эълон қилган. Унда компаниянинг маълумотлар базаларидан бирига ShinyHunters номи билан танилган хакерлар гуруҳи (расмий номи: UNC6040) ҳужум қилгани тасдиқланган.

“Google мазкур фаолиятга жавоб қайтарди, ҳужумнинг таъсири таҳлилини амалга оширди ва зарарни камайтириш чораларини бошлади,” дейилади компания постида.
Таъкидланишича, ҳужумга учраган маълумотлар омбори кичик ва ўрта бизнеслар учун алоқа маълумотларини, шунингдек, тегишли эслатмаларни сақлашда ишлатиладиган Salesforce базаси бўлган.
Google хабарига кўра, хакерлар қулай ва қисқа вақт ичида мижозлар маълумотларини қўлга киритишга муваффақ бўлган. Google ҳозирча ҳужум тафсилотлари бўйича кўп маълумот бермаган бўлса-да, ўғирланган маълумотлар жамоатчиликка очиқ бўлган компания номлари ва алоқа маълумотлари эканини тасдиқлаган.
Компания маълумотига кўра, ShinyHunters фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритгач, 72 соат ичида биткоин тарзидаги тўловларни талаб қилувчи хатлар ва қўнғироқлар тактикасидан фойдаланади. Ушбу ҳолатда айнан шу усул қўлланганига доир тасдиқ йўқ.
Closed Door Security компанияси бош директори Уилям Райтнинг сўзларига кўра, Google каби гигант компаниянинг хакерлик ҳужумига учраши, дунёда ҳеч бир ташкилот кибержиноятлардан ҳимояланмаганини кўрсатади.
“Агар Google ShinyHunters ҳужумларининг тўлқинида маълумотлар базасининг хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келган бўлса, бу ҳеч бир ташкилот кибержиноятдан ҳимояланмаганини кўрсатади. Сиз кичик корхона бўласизми ёки дунёдаги етакчи технологик компаниями — фарқи йўқ, барча ташкилотлар заиф ҳисобланади,” деган Райт.
Изоҳ (0)