Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги хусусий мактабда директор томонидан ўқувчининг сочи мажбурлаб калга олингани ҳақида видеохабар тарқалганди. Ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълумот берди.
Унда айтилишича, ҳолат 2025 йилнинг 28 апрель куни Sharjah School хусусий мактабида содир бўлган. 7-синф ўқувчиси Ж.Г. сочини олдириш ҳақида мактаб маъмурияти томонидан бир неча бор огоҳлантирилганига қарамай, мактаб ички тартиб-қоидаларига бўйсунмаган ҳолда сочлари ўсган ҳолда келишда давом этган.
2025 йил 27 апрель куни ўқувчининг ота-онаси мактабга чақиртирилган ва улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Суҳбат давомида ўқувчининг ота-онаси томонидан эртага фарзанди мактабга сочи олинган ҳолда келиши, акс ҳолда унинг сочини олишга оғзаки розилик билдирилган.
Эртасига, яъни 28 апрель куни ўқувчи Ж.Г. мактабга сочининг икки ён томони олингани, лекин олд томони олинмаган ҳолда келгани маълум бўлган. Шундан сўнг мактаб директори таэквондо мураббийига ўқувчининг сочини олиш бўйича топшириқ берган.
Бундан норози бўлган ўқувчининг ота-онаси 29 апрель куни мактабга шикоят қилиб келган. Шу куни мактаб директори, мактаб психологи, таэквондо мураббийи ўқувчининг уйига бориб, содир бўлган ҳолат юзасидан ўқувчи ва унинг ота-онасидан узр сўраган.
Мактаб психологи томонидан ўқувчи билан суҳбат ўтказилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.
Бу биринчи ҳолат эмас. Навоий шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида ўғил бола ўқувчиларнинг оммавий равишда сочини олиш “тадбири” ўтказилгани хабар қилинганди. Мактаб директори ташаббуси билан мактабга сартарош чақирилган ҳамда турли синфлардан ўғил бола ўқувчилар спорт залга йиғилиб, сочи олинган. Жараённи Миллий гвардия ходимлари ҳам кузатиб турган. Болалар омбудсмани бу каби номақбул ҳолатларнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам юзага келмаслиги бўйича чоралар кўрилаётганини алоҳида қайд этган эди.
Изоҳ (0)