Ижтимоий тармоқларда 1 ёшга тўлмаган болани онаси кўчага ташлаб кетгани тўғрисида видеохабар тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унда айтилишича, мазкур ҳолат болалар омбудсмани томонидан алоҳида назоратга олиниб, ички ишлар ва прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.
Дастлабки маълумотга кўра, аёл 7 ойлик фарзандини Самарқанд вилоятнинг Паст Дарғом туманидаги маҳалла кўчасига ташлаб кетиб, ўзи яширинган. Ҳолат юзасидан ҳозирда туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бола тумандаги гўдаклар учун болалар уйига жойлаштирилиб, унга ҳозирда зарур бўлган парвариш кўрсатилмоқда. Сирдарё вилоятида яшовчи аёлнинг шахси аниқланиб, унинг ўз фарзандига нисбатан содир этган ғайриқонуний ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш жараёни бормоқда.
Бу ҳақда қўшимча тарзда маълумот берилади.
Маълумот учун: ўзининг ота-оналик вазифасини суиистеъмол қилган тарзда фарзандига ғамхўрлик кўрсатмаслик — болага нисбатан зўравонликнинг шакли ҳисобланади. Айрим фуқароларнинг ўз фарзандига нисбатан содир этаётган бундай ҳаракатлари қонун доирасида жавобгарликка асос бўлади. Ҳар бир бола қонун ва давлат ҳимоясидадир.
Олмалиқда аёл ширинликларни рухсатсиз еган боласининг тана аъзоларига пахта тиқиб, ёққани ҳақида хабар берилган эди. Аёл дастлаб суддагилардан, сўнг фарзандидан кечирим сўради. Болакай эса йиғлаб юборган. Суд ҳукми билан аёл 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, Наманганда тамаддихона олдига ташлаб кетилган 15 кунлик чақалоқ топилгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)