Жорий йилнинг биринчи чорагида Россияда туғилиш кўрсаткичи сўнгги 200 йилдаги энг паст даражага тушди. Бу ҳақда “Агенцтво” нашри демограф Алексей Ракша таҳлилига таяниб хабар берди.
Таҳлилларга кўра, 2025 йил мартида туғилиш сони 2024 йилнинг худди шу даврига нисбатан 3-4 фоизга камайган. Февралда эса бу кўрсаткич 6-7 фоизгача тушган. Ракша бу борадаги пасайишни жиддий таҳдид деб атаб, ҳукуматнинг туғилиш кўрсаткичини оширишга қаратилган сиёсати деярли натижа бермаётганини таъкидлади.
Шунга қарамай, Ракшанинг сўзларига кўра, Россияда туғилиш даражаси ҳали ҳам қўшни давлатлар ва Европанинг бир қатор мамлакатларига қараганда юқорироқ. Нашр Финляндия, Германия, Греция, Венгрия, Руминия ҳамда Япония каби давлатларни бунга мисол сифатида келтирган.
Демограф жорий тенденция давом этса, бу Россия учун қатор салбий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган. Жумладан, иқтисодий ўсиш секинлашади, шунингдек, давлат пенсия ёшини кўтаришга мажбур бўлади.
Россия ҳукумати муаммони бартараф этиш учун аборт имкониятларини чеклаш, оналикни қўшимча тўловлар билан рағбатлантириш каби чораларни кўрмоқда. Улар орасида ҳомиладор ўқувчи қизларга нафақа ажратиш каби баҳс-мунозараларга сабаб бўлган қарорлар ҳам бор.
Изоҳ (0)